#xayrlikech #umr_manzaralari
Йигит уни қаттиқ яхши кўрарди. Қизнинг ҳам ўзига бефарқ эмаслигини биларди. Ҳар сафар кўришганларида бир-бирига маъноли қараб қўйишар, тил учида сўрашсалар ҳам, кўнгиллари жуда яқин эди. Аммо ҳаёт уммони кутилмаганда иккаласини ораси узоқ икки қирғоққа итқитиб юборди. Йигитда у билан боғлиқ бир олам ширин хотира... ва бир телефон рақам қолди.
Йигит телефонидаги рақамни очиб, тез-тез термилар, қизни соғинар, унга қўнғироқ қилишни эса ҳадеб ортга сурарди.
“Телефонни кўтарди ҳам дейлик, унга нима дейман? Шунча пайт индамай кетганим сабабини изоҳлашга жавобим борми?..”, деб ўйланарди.
Орадан йил ўтди.
Бир куни йигитнинг қалби соғинчдан чидаб бўлмас даражада оғриди. Сўнг, ўша қадрдон рақамни терди. Хайрият, у рақамини алмаштирмабди, нариги томондан таниш овоз жавоб қайтарди:
–Эшитаман?
–Салом...
–Салом... Ким бу?
–Мен... – йигитнинг юраги тез-тез ура бошлади.
–Ҳа, эски ҳамкасб... Бирор ишингиз бормиди?
–Йўқ...
–Адашиб терибсизми?
–...
–Узр! – деди, қиз қўполгина қилиб. Кейин телефонни ўчирди.
Йигит қизнинг таниёлмаслиги мумкинлигидан қўрққан, лекин таниб туриб ўзини бунчалик бефарқ тутишини асло кутмаганди. Шунда у бир нарсани ҳис этди. Вақт ҳар доим ҳам бизни яқинларимиздан ажратмаса-да, улар олдидаги аҳамиятимизни тортиб олиши ҳеч гап эмас экан.
@BeshinchiTomon
Post #9420
926