🚀 2025 йилги сармояларим: Қандай қилиб оддий ғоялар катта лойиҳаларга айланди?
2025 йил мен учун шунчаки рақамлар ва шартномалар йили бўлмади. Бу йил мен бир нечта жасур жамоаларнинг орзуларига ишонч билдирдим. Сармоя киритиш, бу фақат пул бериш эмас, бу лойиҳанинг келажагига биргаликда ишонишдир. Келинг, ўтган йили эътиборимни тортган ва маблағимни ишонган 3 та IT-стартап ҳикояси билан бўлишаман.
1️⃣ Ишонч ва мўъжиза: Mom+ лойиҳаси 🤱
Ҳаммаси қоғоздаги оддий ғоядан бошланган эди. Очиғини айтаман, бу лойиҳага бошида ҳеч ким ишонмаган. Лекин мен оналарга фарзанд парваришида ёрдам берадиган тизим қанчалик муҳимлигини ҳис қилдим ва таваккал қилиб, энг биринчилардан бўлиб ғоя босқичидаёқ сармоя киритдим.
Бугунги кунда бу шунчаки илова эмас, балки 120 мингдан ортиқ оналарнинг ишончли ёрдамчиси. Ўтган йили Ўзбекистонда туғилган болаларнинг қарийб ~10% айнан шу платформада рўйхатдан ўтган! Android қурилмаларида "Соғлиқ ва фитнес" йўналиши бўйича дунёнинг топ-10 иловалари қаторига киришимиз эса жамоамизнинг энг катта ғалабаси бўлди. 2026 йилда эса янада катта қадам ташлаб, лойиҳа доирасида электрон тижорат йўналишини бошлаймиз.
2️⃣ Муаммодан туғилган ечим: GoInvest 📊
Балки биларсиз, фонд бозори ва капитал бозори менинг энг катта қизиқишларимдан бири. Лекин яқингача бозорда ишлаш инвесторлар учун анча ноқулай эди! Фақат веб-сайт (fondbozori.uz) орқали кириш, аналитиканинг йўқлиги бунга мисол бўла олади. Jett бозорга биринчи кирган бўлса-да, инвесторлар билан гаплашганимда, улар ҳали ҳам тўлиқ мобил инфратузилма ва чуқур таҳлиллар етишмаслигидан қийналишаётганини кўрдим.
Бозорга ҳақиқий "портлаш" қиладиган, мукаммал маҳсулот керак эди. Шундай қилиб, янги авлод иловасини яратишга бел боғлаган жамоани топдим ва уларнинг биринчи ҳамда ягона фаришта инвесторига айландим.
Бугун 32 мингдан ортиқ фойдаланувчи ва фонд бозоридаги кунлик айланманинг ~25% дан ортиғи айнан GoInvest ҳиссасига тўғри келмоқда. Мен бу натижадан жуда ғурурланаман ва 2026 йилда бизни янги, улкан марралар кутаётганини маълум қиламан.
3️⃣ Чегара билмас ечим: Screenix AI 🤖
Бизнесда доим малакали кадрлар муаммоси бор. Учинчи лойиҳам айнан шу оғриқли нуқтага ечим топишга қаратилган. Screenix AI, бу корхоналарга керакли ходимларни сунъий интеллект ёрдамида 10 марта тез ва осон топиш имконини берувчи тизим ҳисобланади.
Қизиғи шундаки, бу лойиҳани иқтидорли тожикистонлик жамоа яратган. Мен бу стартапга CS Angels клуби орқали сармоя киритдим. Ҳозирда 40 дан ортиқ корхоналар бу тизимдан фойдаланмоқда ва ўйлашимча, бу йил лойиҳа яна камида 200 минг доллар қўшимча инвестиция жалб қилиш имкониятига эга.
💡 Кейинги бекат...
2025 йилда фақат IT эмас, балки инвестор портфелини мувозанатда ушлаб турадиган бир қанча "классик" бизнесларга ҳам сармоя киритдим. Улар ҳақида ва нима учун айнан ўша соҳаларни танлаганим ҳақида кейинги постларимда ҳикоя қилиб бераман.
👇 Сизнингча, 2026 йилда стартаплар оламида яна қайси йўналишларга сармоя киритиш мақсадга мувофиқ?
Изоҳларда фикрларингизни кутаман!
@baxrom_ceo
Post #84
4.19K

- 🔥 29
- 👍 15
- ❤ 8
- ⚡ 3
- 👏 3
- 🥰 1
- 😁 1