Бугун эрталаб мен венчур капитали оламидаги кўпчилик орзу қиладиган хат билан уйғондим. Хат "500 Global" ва Стэнфорд университетининг қабул комиссиясидан эди.
Гап шундаки, яқинда мен дунёдаги энг нуфузли инвесторлар таълим дастурларидан бири, Стэнфорд университети ва 500 Global ҳамкорлигида ташкил этилган VC Unlocked: Silicon Valley 2026 дастурига ҳужжат топшириб, ўзимни синаб кўрмоқчи эдим. Бу венчур капитали соҳасидаги келажак лидерларини тайёрлашга қаратилган, фақат таклифнома асосида қабул қилинадиган эксклюзив дастур ҳисобланади.
⏳Рақобат даҳшатли даражада кучли экан. Бутун дунёдан юзлаб юқори малакали мутахассислар нафақат дастурда иштирок этиш, балки ҳар йили тақдим этиладиган бор-йўғи 4 та таълим грантидан бирини қўлга киритиш учун ариза топширишади. Мен ҳам ариза жўнатдим. Номинацияга тушдим. Интервьюдан ўтдим. Ва кутдим... 😅
Ниҳоят, жавоб келди. Қабул комиссияси менинг тажрибам, экосистемага қилган ҳиссам ва етакчилик қобилиятларим 2026 йилги ўқув гуруҳи учун "ажойиб қўшимча" бўлишини таъкидлади. Мен расман қабул қилиндим! Юзлаб кучли номзодлар орасидан ўтиш, бу, албатта, катта шараф ва эътироф.
Бироқ, масаланинг бир нозик томони бор эди 😂. Дастурга қабул қилинган бўлсам-да, менга грант ажратилмади. Ўрнимни сақлаб қолиш ва ўқиш учун ўқув тўловини ўз ҳисобимдан тўлашим кераклиги айтилди. Тўлов 25 000 АҚШ доллари эди. Бу транспорт, яшаш, туриш ҳаражатларидан ташқари.
Бу ҳолат мени катта чорраҳада қолдирди. Стэнфорд нафақат кўпчиликнинг орзуси, балки менинг ҳам орзуйим. Инвесторлар учун бундан зўр мактаб йўқдек.
Аммо, ангел инвестор сифатида ўзимга жуда муҳим бир саволни бердим: ҳозирги вақтда бу 25 000 долларни энг фойдали ва самарали йўналтириш йўли қандай?
Бу $25K менга билим сифатида кўпроқ самара (ROI) берадими ёки реал инвестиция сифатидами? Уни жаҳон даражасидаги назария ва элита давралари учун сарфлайманми ёки бу сармояни минтақамиз келажагини қураётган амбицияли фаундерлар қўлига тўғридан-тўғри топшираманми?
Шу пайт хаёлимга бир неча йил аввалги ҳолатим келди: ҳеч қандай “VC дипломи”сиз, ҳеч қандай “Silicon Valley сертификати”сиз, лекин қаттиқ ишонч билан илк чекларимни ёзган дамларим...
Хулосам қуйидагича бўлди: менинг энг катта университетим бу бозорнинг ўзи. Энг кучли устозларим бу стартап асосчилари. Энг қимматли дарслар бу реал инвестициялардир.
Шунинг учун мен ўз қароримни қабул қилдим: Мен Стэнфорддаги жойимни хушмуомалалик билан рад этаман шекилли. Сиз нима деб ўйлайсиз, бу оқилона қарорми? Мен билган кўп инвесторлар буни тескари қилишлари табиий.
Бунинг ўрнига, бу 25 000 долларни тўлиқлигича ғоя ва дастлабки босқич стартапларга сармоя киритишга йўналтираман. Марказий Осиёда кучли венчур экосистемаси нуфузли сертификатлардан эмас, чек ёзиш ва асосчиларга ишонишдан бошланган деб биламан.
🚀 Фаундерларга мурожаатим: Менда Кремний водийси учун мўлжалланган $25 000 бор эди. Энди у Сизлар учун.
Лойиҳаларингизни таклиф қилинг.
Изоҳларда ўз фикрингиз билан ўртоқлашинг! 👇
@baxrom_ceo
