Доллар нега кўтарилмоқда?
Долларнинг сўмга нисбатан расмий курси ўн иш кунидан буён муттасил ошиб бормоқда.
Шу давр ичида сўм долларга нисбатан 2 фоизга қадрсизланиб, йил бошидаги даражасига қайтди.
Хўш, доллар курси нега кўтарилмоқда? Иқтисодчи Миркомил Холбоев ушбу ҳолат юзасидан ўз тахминларини билдирди.
Глобал таъсир
Холбоевнинг таъкидлашича, доллар нафақат Ўзбекистонда, балки жаҳон миқёсида ҳам мустаҳкамланмоқда.
У буни АҚШ Федерал захира тизими асосий ставкани оширгани ҳамда навбатдаги йиғилишда ҳам ставка кўтарилиши бўйича кутилмалар кучайгани билан изоҳлади.
АҚШда инфляциянинг тезлашиши ҳам бундай эҳтимолни ошириши мумкин.
Ички таъсир
Иқтисодчи сўм бошқа валюталарга қараганда кўпроқ қадрсизланганини қайд этар экан, бу ҳолат жараёнга ички омиллар ҳам таъсир кўрсатаётганидан далолат беришини таъкидлади. У учта эҳтимолий омилни келтириб ўтди.
1️⃣ Биринчиси — қарз мажбуриятлари бўйича бир марталик тўловлар.
Учинчи чорак якунида ҳукумат ёки хусусий секторнинг қарз тўловлари валютага бўлган талабни вақтинча оширган бўлиши мумкин.
2️⃣ Иккинчиси — реал валюта курсининг мустаҳкамланиши.
Холбоевнинг тахминича, Марказий банк маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг хорижий бозорларда рақобатбардошлигини сақлаш учун валюта интервенцияларини кечиктираётган бўлиши мумкин.
Бундан ташқари, бу йил олтин экспорти ўтган йилга нисбатан сезиларли камайган. Бу Марказий банкнинг валюта интервенциялари орқали муомаладаги ортиқча сўм маблағларини камайтириш имкониятларини чеклаган бўлиши эҳтимолдан холи эмас.
3️⃣ Учинчиси — пул ўтказмаларининг мавсумий қисқариши.
Ёз тугаши билан хориждан келаётган пул ўтказмалари ҳажмининг камайиши ҳам миллий валютага қўшимча босим ўтказаётган бўлиши мумкин.
Хулоса
Холбоев ҳозирча сўмнинг кескин қадрсизланиши борасида қандайдир кутилмалари йўқлигини қайд этди.
Унинг фикрича, сўмнинг узоқ муддатли қадрсизланишига олиб келадиган аниқ сабаблар ҳозирча кўринмаяпти.
Бунга экспорт ва инвестициялар ҳажмининг ўсиб бораётгани ҳам асос бўла олади.
Иқтисодчининг таъкидлашича, мослашувчан валюта курси ички ва ташқи иқтисодий ўзгаришларга жавоб қайтаради.
Масалан, импорт учун валютага бўлган талабнинг ошиши ёки хориждан пул ўтказмаларининг камайиши сўм курсига таъсир қилиши мумкин.
Унинг фикрича, курснинг бундай омилларга мослашиши табиий жараён ҳисобланади.
@bankir
Post #9541
11.2K

- 👎 28
- 👍 20
- 🤔 6