Биррул волидайн
📜Ота-она билан муносабатда фарзандлар йўл қўядиган асосий хатолар
Ота-онага яхшилик қилиш — Аллоҳнинг муҳаббатига эришиш ва жаннатга кириш сабабидир.
▪️1. Ота-онанинг буйруқларига итоат қилмаслик
Ота-онанинг талабларини эътиборсиз қолдириш, уларнинг (шаръан жоиз бўлган) буйруқларига итоат этмаслик ва узрли сабабсиз уларни бажаришдан бош тортиш.
▪️2. Ўжарлик ва қаршилик кўрсатиш
Ўз фикрида қатъий туриб олиб, ота-онанинг фикрига қарши чиқиш ҳамда уларга нисбатан ўжарлик ва такаббурлик билан муомала қилиш.
▪️3. Қўпол муомала қилиш
Ота-онага овозини баланд кўтариш, уларга қўпол сўзлар ишлатиш ёки муомалада одобга риоя қилмаслик.
▪️4. Ота-онани қадрламаслик
Улар билан кўп тортишиб, баҳслашиш, уларга бақириб гапириш ёки менсимаслик ва беписандлик билан қараш.
▪️5. Ота-онанинг обрўсига путур етказиш
Ота-она ҳақида ёмон гапириш, уларнинг айб ва камчиликларини одамлар орасида ошкор қилиш ҳамда уларни бошқалар олдида шарманда қилиш.
▪️6. Ота-онага меҳр-шафқат кўрсатмаслик
Уларга нисбатан қўпол ва шафқатсиз муомала қилиш, айниқса, кексайган ёки заифлашган пайтларида меҳр-мурувват ва раҳм-шафқат кўрсатмаслик.
▪️7. Ота-она билан суҳбатлашишга эътиборсизлик қилиш
Улар билан кам мулоқот қилиш, ҳол-аҳволларини сўрамаслик ва улар билан кам вақт ўтказиш.
8. Сўзлаётганларида гапларини бўлиш
Улар сўзлаётган пайтда гапини бўлиш, сўзларини охиригача тингламаслик ва уларга етарлича қулоқ солмаслик.
▪️9. Бошқаларни ота-онадан устун қўйиш
Дўстлар ёки турмуш ўртоғи ва фарзандларининг роҳатини ота-онанинг роҳатидан устун қўйиш ва уларга вақт ажратишда бошқаларни муқаддам қўйиш.
▪️10. Ота-онанинг хизматига эътиборсизлик қилиш
Ота-она парваришга муҳтож бўлганида уларни ташлаб қўйиш, хусусан, беморлик пайтида уларнинг парвариши ва даволанишига бепарво қараш.
▪️11. Ота-онага нисбатан бахиллик қилиш
Уларга инфоқ қилиш, маблағ сарфлашда бахиллик қилиш, уларнинг асосий эҳтиёжларига қондиришда ҳозир бўлмаслик ва (яхши муомала, ширин сўзлар билан) маънан кўмак бермаслик.
▪️12. Ота-онанинг рухсатисиз уйдан чиқиб кетиш
Ота-онани хабардор қилмасдан ёки уларнинг рухсатисиз уйдан чиқиб кетиш ва қаерда эканидан уларни бехабар қолдириш.
◽️Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «“Аллоҳ таолонинг розилиги – ота-онанинг розилигида, Унинг ғазаби эса ота-онанинг ғазабидадир”, дедилар. Имом Табароний ривояти.
◽️ Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кабираларнинг катталаридан бири – кишининг ота-онасини лаънатлашидир», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, қандай қилиб киши ўз ота-онасини лаънатлайди?» дейишди. «Киши бировнинг отасини сўкади, шунда у ҳам бунинг отасини сўкади, онасини сўкади», дедилар». Имом Бухорий ва Муслим ривояти.
🔖Ота-онага яхшилик қилиш, яъни "биррул волидайн" - тушунчаси ота-онага яхшилик қилиш, уларнинг ҳақ-хуқуқларига риоя этиш, хизматларида бўлиш, меҳр-мурувват кўрсатиш ва уларга эҳтиром билан муносабатда бўлиш каби кенг маъноларни ўз ичига олади.
@arabicuz
iOS | Android
Instagram | Facebook | Twitter | Tiktok | Youtube
Post #32160
5.95K

- ❤ 71
- 😢 42
- 👍 21
- 🔥 5