#МУНОСАБАТ
Ижтимоий тармоқларда билдирилган мурожаат юзасидан расмий муносабат
Ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти, хусусан, Марҳамат тумани ҳудудида айрим ҳайдовчилар томонидан транспорт воситаларига белгиланган талабларга жавоб бермайдиган ташқи ёритиш чироқлари, жумладан, кўзни қамаштирувчи LED чироқлар ўрнатилиши юзасидан билдирилган мурожаат эътиборга олинди.
Маълум қиламизки, Андижон вилояти ҳудудида йўл ҳаракати қоидаларига риоя этилишини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш ҳамда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида кундузги ва тунги вақтларда доимий равишда рейд ва профилактик тадбирлар ўтказиб келинмоқда.
Хусусан, тунги рейд тадбирлари давомида транспорт воситаларига ташқи ёритиш асбобларини белгиланган талабларга зид равишда ўзгартириб ўрнатган ҳайдовчилар аниқланиб, уларга нисбатан амалдаги қонунчиликда белгиланган тартибда чоралар кўрилмоқда. Шунингдек, ҳайдовчилар ўртасида бундай қоидабузарликларнинг салбий оқибатлари, айниқса, қарама-қарши йўналишда ҳаракатланаётган ҳайдовчилар ва пиёдалар хавфсизлигига туғдириши мумкин бўлган хавфлар юзасидан профилактик тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, транспорт воситасининг ташқи ёритиш чироқларини белгиланган талабларга мувофиқ ҳолатда сақлаш нафақат қонун талаби, балки йўл ҳаракати иштирокчиларининг ҳаёти ва саломатлигини муҳофаза қилишнинг муҳим шартларидан биридир.
Ҳурматли ҳайдовчилар! Транспорт воситангизга ташқи ёритиш чироқларини ўрнатиш ёки ўзгартиришда белгиланган талабларга қатъий риоя қилинг. Унутманг, сизнинг қулайлигингиз бошқаларнинг хавфсизлигига таҳдид солмаслиги керак.
Йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш — ҳар бир иштирокчининг масъулияти!
Андижон вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ Ахборот хизмати
Post #43936
742
- 🔥 1