#Муносабат
Ижтимоий тармоқларда тарқалган йўл-транспорт ҳодисаси юзасидан расмий маълумот
2026 йил 13 октябрь куни соат 12:30 ларда Андижон шаҳар Шабнам кўчасида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.
Аниқланишича, 1957 йилда туғилган Т.У. «Chery Tiggo 8 Pro» русумли автомашинани бошқариб кетаётиб, 56-сонли умумий ўрта таълим мактаби қаршисидаги тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойидан йўлни кесиб ўтаётган мактаб ўқувчисини уриб юборган.
Мазкур ҳолат юзасидан олиб борилган суриштирув ишлари давомида ҳайдовчи ҳамда унга тегишли автомашина аниқланди.
Маълум бўлишича, ҳайдовчи ҳодиса жойидан кетиб қолмаган. У бошқа транспорт воситалари ҳаракатига халақит бермаслик мақсадида автомашинани хавфсиз жойга тўхтатган. Шундан сўнг ЙПХ ходими етиб келгач, у билан биргаликда жабрланган пиёдага биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида Андижон шаҳридаги шошилинч тиббий ёрдам муассасасига олиб борилган. Кейинчалик автомашина белгиланган тартибда жарима майдонига жойлаштирилган.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан Андижон шаҳар ИИБ ЙҲХБ ходимлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Ҳурматли фуқаролар! Ижтимоий тармоқларда турли хабарларни тарқатишдан олдин уларнинг ҳаққонийлигига ишонч ҳосил қилишингизни сўраймиз. Асоссиз ва тасдиқланмаган маълумотларни тарқатиш жамоатчиликни чалғитиши ҳамда воқеа тафсилотларини нотўғри талқин қилишга сабаб бўлиши мумкин.
Андижон вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ Ахборот хизмати
Post #44015
559