«Туркий дунёнинг маданият пойтахти» мақомидаги Андижон шу кунларда Қозоғистон, Туркия, Озарбайжон, Турманистон, Қирғизистоннинг театр санъати ва музейлар соҳаси вакилларини бир даврада жамламоқда.
Жорий йилнинг 18–23 октябрь кунлари шаҳримизда IV ТУРКСОЙ халқаро театр фестивали, ТУРКСОЙ театр раҳбарларининг йиғилишлари, V Туркий дунё музейлари учрашуви ҳамда ТУРКСОЙ музейлар уюшмасининг V даврий йиғилиши ўтказилиши белгиланган. Ушбу тадбирлар доирасида «Йилнинг энг яхши музейи» мукофотини топшириш маросими ҳам бўлиб ўтади.
Бугун Андижон темир йўл вокзали ва Андижон халқаро аэропортида тадбир иштирокчилари тантанали кутиб олинди. Самимий қутловлар ва халқимизга хос меҳмондўстлик меҳмонларга кўтаринки кайфият улашди.
Туркий халқларнинг бой маданий мероси, театр санъати ва музейчилик анъаналарини намоён этадиган мазкур тадбирлар ижодий мулоқот ва тажриба алмашиш учун муҳим майдон бўлади.
Андижондан бошланган бу маданий мулоқот муштарак қадриятларимизни улуғлаш, халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Andijan.uz|Facebook|Instagram|Youtube|X