Андижонда транспорт ҳаракати янада қулайлашади
Андижон шаҳрида транспорт оқимини тартибга солиш ва тирбандликларни камайтириш мақсадида яна бир йирик инфратузилма лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилмоқда.
Лойиҳага кўра, Бобур шоҳкўчаси ва Ўзбекистон кўчаси кесишмасида замонавий йўл ўтказгич барпо этилади. Бугунги кунда ушбу серқатнов чорраҳадан суткасига 42 мингдан зиёд автомобиль ҳаракатланади.
Умумий узунлиги 350–400 метр атрофида бўлиши режалаштирилаётган йўл ўтказгичнинг лойиҳа қиймати 175 миллиард сўмни ташкил этади.
Йўл ўтказгичнинг барпо этилиши Бобур шоҳкўчасида транспорт воситаларининг тўхтовсиз ва равон ҳаракатланиши, чорраҳадаги тирбандликларнинг камайиши, шунингдек, пиёдалар ҳаракатини хавфсиз ташкил этишга хизмат қилади.
Янги йўл ўтказгич — Андижонда замонавий, хавфсиз ва қулай транспорт инфратузилмасини шакллантириш йўлидаги яна бир муҳим қадам бўлади.
Andijan.uz|Facebook|Instagram|Youtube|X
