ЕРНИНГ ДУМАЛОҚ ЁКИ ТЕКИС ЭКАНИ ҲАҚИДА ҚУРЪОНИ КАРИМДА НИМА ДЕЙИЛГАН?
#Қуръон
❓
2194-САВОЛ: Бугун ахборот асри даври, илм-фан соҳасида турли янги тажрибалар кенг тарқалган. Шундай ҳолатда “Ер текис” назарияси илмий тажрибаларга зид эмасми? Ҳақиқатан ҳам Ер шарсимон ёки текис экани ҳақида Қуръон ва ҳадисларда қандай далиллар бор?
💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Қуръон – инсониятни ҳидоятга бошловчи китобдир. Унда ҳар бир давр ақл-идрокини ожиз қолдириш хусусияти мавжуд. Бу унинг инсон каломи эмас, балки бутун борлиқни яратган ва ундаги сабаб-оқибат қонунларини жорий қилган Аллоҳ таолонинг каломи эканига далилдир. Бугунги кунга келиб Қуръоннинг кўплаб илмий мўъжизалари юзага чиқди ва илмий исботини топди. Тўғри, Қуръони карим илм-фан китоби эмас, лекин унда кўплаб илмий ҳақиқатлар зикр этилганини ҳам инкор этиб бўлмайди. Ана шундай муҳим ҳақиқатлардан бири “Ернинг думалоқлиги ва унинг ҳаракати” дир.
Қуръон оятларининг баъзилари Ернинг думалоқ эканига ишора қилади, масалан:1)
"У зот кечани кундузнинг устига ўрайди, кундузни кечанинг устига ўрайди" (Зумар сураси, 5-оят). Бу ердаги
"юкаввиру" (يُكَوِّرُ) сўзи "ўраш" маъносини англатади, худди саллани думалоқ нарсанинг устига ўрагандек. Бу айланаётган ер юзида кеча ва кундузнинг алмашинуви ҳақидаги тўлиқ тасвирдир. Агар Ер текис бўлганида, кеча ва кундузнинг бундай шаклда ўралиши мумкин бўлмас эди.
2)
"Ва Ерни ундан кейин тухумсимон шаклга келтирди (ёйди)" (Нозиат сураси, 30-оят). Оятдаги
"даҳаҳа" (دَحَاهَا) сўзи араб тилида шунчаки ёйиш эмас, балки луғавий жиҳатдан туяқуш тухумидек думалоқликни ҳам ифодалайди. Яъни Ер мутлақ шар ҳам эмас, мутлақ текис ҳам эмас, балки тухумсимон (эллипссимон) шаклдадир — буни замонавий илм-фан ҳам тасдиқлайди.
Араб тилида "даҳа" (دحا) ўзагидан олинган сўзлар думалоқлик ва ҳаракатни ифодалайди. Масалан, баъзи араб мамлакатларида ҳозиргача тухумни "ал-дуҳа" дейишади. Ернинг шакли ҳам худди тухум каби: ўрта қисми (экватор) бироз кенгайган, икки қутби эса бироз қисилган. Бу шунчаки тасодиф эмас, балки илоҳий дастурнинг тил орқали ифодаланишидир.
Ислом уламолари сўзларида ҳам ернинг шаклига ишора қилувчи фикрлар мавжуд. Машҳур саҳобий, муфассир Ибн Аббос розияллоҳу анҳу осмон ва Ернинг думалоқлигига ишора қилганлар. Машҳур муфассир Имом Розий раҳимаҳуллоҳ: "Ер думалоқ, лекин у жуда катта бўлгани учун унинг ҳар бир бўлаги бизга текис бўлиб кўринади", деганлар.
Баъзилар Қуръондаги
"Ерни қандай ёйиб қўйилганига (қарамайдиларми?)" (Ғошия, 20) оятини далил қилиб, "Ер текис, чунки думалоқ нарсани гиламдек ёзиб бўлмайди", дейишади. Бироқ, бу ердаги "ёйиш" — Ерни инсонлар яшаши учун қулай, текис ҳолатга келтирилганини англатади. Ер жуда улкан бўлгани учун инсон унинг думалоқлигини ҳис қилмайди, балки уни текис майдон сифатида кўради ва ундан фойдаланади.
Хулоса шуки, Қуръон илмий дарслик эмас, лекин у ҳеч қачон ҳақиқатга ва соғлом ақлга зид келмайди. Ернинг думалоқлиги – илмий ҳақиқат, Қуръон эса бунга бир неча асрлар олдин ишора қилиб кетган. Ер мутлақ шар эмас, балки икки қутбдан бироз қисилган шаклидадир, бу эса уни думалоқ (куравий) деб аташга асос бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
📱
Telegram | 📱
Instagram | 📱
Facebook |📺
YouTube