КЕЛИШУВМИ ЁКИ МАЖБУРЛАШ?
Меҳнат шартномасини тарафларнинг келишувига кўра бекор қилинганлик ҳолатига оид меҳнат низолари бўйича ягона суд амалиёти ҳанузгача шаклланмади. Сабаби эса, менимча, Меҳнат кодексида ҳам Олий суд Пленумининг 26-сон қарорида ҳам бу йўналишда етарлича тушунтиришлар мавжуд эмас.
Шу сабабли судлар бир хил масалада бир биридан фарқ қиладиган қарорлар қабул қилмоқдалар.
Меҳнат кодексининг 157-моддасига кўра, меҳнат шартномаси тарафларнинг келишувига асосан исталган вақтда бекор қилиниши мумкин.
Бироқ бу нормадаги асосий сўз — «келишув».
Келишув эса икки томоннинг эркин хоҳиш-иродасига асосланиши керак.
Шунинг учун ходим кейинчалик:
«Мен бу келишувга мажбурлаб имзо қўйдим»,
деб судга мурожаат қилса, масалани фақат «имзо борми-йўқми?» деган савол билан ҳал қилиш етарли эмас.
Суд, аввало, ходимнинг иродаси қандай шаклланганини аниқлаши керак.
Иш берувчининг келишув таклиф қилиши ўз-ўзидан мажбурлаш эмас.
Иш берувчи:
«Меҳнат шартномасини келишув асосида бекор қилишни таклиф қиламан»,
дейиши мумкин. Ходим эса рози бўлмаслиги мумкин.
Муаммо ходимнинг «йўқ» дейиш ҳуқуқи амалда йўқ қилинганида бошланади.
Агар иш берувчида ходимни қонунга мувофиқ ишдан бўшатиш учун ҳақиқий ва етарли асос мавжуд бўлса, унинг:
«Келишув асосида кетсангиз, сизга фалон миқдорда компенсация тўлаймиз»,
деб таклиф бериши ўз-ўзидан мажбурлаш ҳисобланмайди.
Бу — музокара бўлиши мумкин.
Аммо иш берувчида қонуний асос бўлмаган ҳолда: «Имзо қўй, акс ҳолда сени барибир ишдан бўшатаман»
деб қўрқитиш бошқа масала.
Чунки бундай ҳолатда «келишув» ходимнинг эркин танлови эмас, балки иш берувчининг босими натижасига айланиши мумкин.
Амалиётда баъзан «Ходим имзо қўйганми? Қўйган. Демак, рози бўлган» деган ёндашув учрайди. Лекин ҳуқуқий муносабатларда имзонинг ўзи ҳар доим ҳам эркин ироданинг мутлақ исботи эмас. Имзо — келишувнинг ташқи белгиси. Суд имзонинг ортида нима турганини ҳам кўриши керак.
Меҳнат кодексининг 157-моддадаги келишув институти ходим билан келишиш воситасидан эмас, иш берувчининг меҳнат қонунчилигидаги кафолатларни четлаб ўтиш воситасига айланиб қолмаслиги керак.
https://t.me/advokatElyor