8 млн долларлик киберфирибгарлик фош этилди: сохта call-марказ орқали фуқаролар пуллари ўзлаштирилган
Давлат хавфсизлик хизматининг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ва вилоят ИИБ ҳамкорлигида сохта call-марказ орқали киберфирибгарлик билан шуғулланган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди.
Аниқланишича, Тошкент шаҳри ва вилоятида яшовчи 1989–2005 йилларда туғилган беш киши Миробод туманидаги нотурар бинода сохта call-марказ ташкил қилган. Гуруҳга илгари судланган, 1979 йилда туғилган шахс раҳбарлик қилган. Унинг аъзолари орасида йирик банклардан бирининг бош офисида киберхавфсизлик бўлимида ишловчи ходим ҳам бўлган.
Гуруҳ аъзолари фуқароларга банклар номидан қўнғироқ қилиб, уларнинг номига ноқонуний кредит расмийлаштирилаётгани ҳақида ёлғон маълумот берган. Шу йўл билан шахсий маълумотларни қўлга киритиб, банк карталаридаги пулларни ўзлаштирган ва фуқаролар номига онлайн кредитлар расмийлаштирган.
Тергов маълумотларига кўра, ўзлаштирилган жами 8 млн АҚШ доллари сохта МЧЖ орқали криптовалютага айлантирилиб, хорижга олиб чиқилган ва легаллаштирилган.
Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Дастлабки тергов давомида гуруҳ фаолиятига алоқадор яна 10 нафар шахс аниқланган.
Telegram | Live | Youtube | Instagram
Post #75637
11.2K
