САФДА НАМОЗХОНЛАР ОРАСИДАГИ МАСОФА ҚАНЧА БЎЛИШИ КЕРАК?
#намоз
❓
2196-САВОЛ: Жамоат намозида, айниқса, таровиҳ намозларида намозхонлар ораси очилиб қолади. Бундай ҳолатда намоз ўқиш макруҳ бўлмайдими? Ҳадисларда елкани елкага ёпиштириб туриш айтилганку. Жамоатда ёпишиб туришимиз керак эмасми?
💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг машҳур асарлари “Саҳиҳи Бухорий” китобида “Елкани елкага, оёқни оёққа ёпиштириш” номли боб очганлар ва унда мазкур мазмундаги ҳадисларни келтирганлар.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Сафларингизни тўғри қилинг, мен сизларни орқамда бўлсангиз ҳам кўриб тураман”, дедилар. Биздан ҳар бир киши елкасини ёнидаги шериги елкасига, оёғини унинг оёғига ёпиштириб турар эди” (Имом Бухорий ривояти).
Бу ҳадисни шарҳлаган муҳаддис уламолар елкани елкага, оёқни оёққа ёпиштириб туришдан мурод сафларни текис қилиш ва ораларда бўш жой қолдирмасликка қаттиқ эътибор беришдир, деганлар. Шунингдек, икки киши орасида учинчи одам сиғадиган даражада жой қолмаслиги керак. Агар одам сиғадиган даражада бўш жой қолса, макруҳ бўлади, деганлар.
Демак, намозхонлар сафда бир-бирларига ёпишиб турмасаларда, одам сиғадиган даражада бўш жой қолдирмасалар, макруҳлик бўлмайди. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
📱
OBUNA BO'LING ✅ VA ULASHING🗣
✈️Telegram 📱Instagram 💬Facebook ▶️Youtube