Услубий хатоликлар
Хатоликлар турли хил бўлади. Сўзларни нотўғри танлаш ва ноўрин ишлатиш; матнда аниқлик, лўндалик ва ифодалилик талабларини бузиш услубий хатолик дейилади.
Мисол учун:
1. Оёғи билан тепди — маълумки, қўли ёки бошқа жойи билан тепиб бўлмайди. Тепиш сўзи айнан оёқ билан зарб беришни назарда тутади.
2. Мебель дўконидан қизил дарахтдан ясалган ёғоч стол сотиб олдим — дарахтдан ясалганидан кейин, темир стол бўлиб қолмайди-ку, албатта ёғоч стол бўлади.
3. Ишчилар қисқа муддат давомида тракторни тузатиш ишларини амалга ошириш бўйича қарор қабул қилдилар. — бу гапда ортиқча сўзлар кўпайиб кетган ва гап мураккаблашган. Бу гапни оддийгина қуйидагича ифодалаш мумкин: Ишчилар қисқа муддатда тракторни тузатишга қарор қилдилар.
—
Тилда турли услублар бўлади:
- сўзлашув нутқи услуби;
- илмий услуб;
- расмий ҳужжатлар услуби;
- публицистик услуб;
- бадиий услуб.
Ҳар бир услубнинг ўзига хосликлари бор. Бир услубга оид сўзларни иккинчи услубда ишлатиш ҳам услубий хатолик ҳисобланади.
Мисол учун:
Расмий маълумот: Ички ишлар органлари ходимлари гапга қулоқ солмайдиган қайсар мухбирни ўз хизмат машиналарига зўрға улоқтириб, тергов бўлимига судраб келдилар — бу гапда кўриб турганингиздек, расмий баёнотда оғзаки ва бадиий нутқдаги сўзлар қўлланган.
@xatoliklar
Post #222
12.5K