Қиморнинг энг хатарли кўриниши
Иқтисодий назарияда шундай бир йўналиш бор. Унда иқтисодий одам (истеъмолчи, тадбиркор, инвестор, ва ҳоказо) қарор қабул қилиш атворига кўпроқ эътибор берилади. Шахс ақл-идроки билан эмас балки қандайдир мураккаб эхтирослар, психологик комплекслар босими остида ўзининг иқтисодий танловини қилиши кўп кузатилган. Буни албатта маркетинг мутахассислари жуда яхши ўзлаштиришган.
Мазкур йўналишдаги тадқиқотнинг кўрсатишича, инсон бирон фойдани ўтказиб юбориш натижасида келадиган афсусланиш қўрқуви остида юраркан. Яъни у нафақат бирон реал фойдани кўзлайди, балки кейинги оғриқли надоматнинг олдини олиш иштиёқида бўлади. “Ўтказиб юборманг!”, “Фақат бугун!”, “Чегирмалар хафталиги” ва ҳоказо маркетинг акциялари айнан шу қўрқувни қўзғатади.
Бу психологик феномен ўз қурбонини спорт натижалари асосида ишлайдиган қиморбозлик дардига жуда тез еткалаб боради.
Ҳар бир спорт шайдоси ўзи севиб кузатадиган ўйин якунида натижани кўриб: “Эх, билувдим-а ким ютишини! Пул тикканимда ютардим” деган афсусланиш хаёли абатта келади. Ундан ташқари очиқ ёки яширинч равишда бу қимор турига реклама чорлаб туради. Кейинги сафар бўладиган ўйин олдидан мухлис учрашув натижасини ўзича таҳмин қилиб кўради, чунки рақиблар таркиби, ҳолати, аввалги натижалар статистикасидан хабардор бўлгандек туюлади. Яна интуиция деган хиссиёт фикрини қитиқлайди. “Эй, мана таваккал”, деб арзимаган пул тикиб кўради... Чунки олдинги “тиксам бўларкан” деган афсусланиш хаёли алам билан ўтган эди. Шу аламга дучор бўлмаслик учун пул тикиш қарорини қабул қилиб қўяди. Бунинг устига бу операцияни бажариш жуда осон, бармоғи билан босса бўлди...
Инсоннинг бундай қиморга ўрганиб қолиши учун ўйиндан ютадими-йўқми, бунинг аҳамияти йўқ. У шу ишни қилди ва дастурланди. Кейинги сафар ўйин олдиндан албатта пул тикиш ғояси ёдига келади. Кимдир бу ишни қайтармас, аммо “яна бир бор тақдирини синаб кўриш”ни истаб қоладиганлар топилади. Қарабсизки, қимор ўйинига кўника бошлайди, кейин ўзи авваллари унча бефарқ бўлган спорт турларига ҳам тика бошлайди. Ўзига ўхшаган “мухлислар” билан мулоқотга кириб, айёр қопқонга тушади. Кимдадир бу секин асталик билан, каттта танаффуслар орасида бўлса, кимдир тезда одатланади. Инсон қанчалик импульсив (“тез”) бўлса унда шунчалик қаттиқ аддикция (ўрганиб қолиш) ўрнашиб қолади.
Фикримча, букмейкерлик қиморнинг энг хатарлик кўриниши. Чунки казино ёки қарта ўйинига борадиган одам аниқ нимага кетаётганини билади. Спорт мухлиси учун эса ўйинга пул тикиш ғояси яширинч онгига сизиб ўрнашади. Яна баъзи ашаддийлар ўзи мухлислик қилаётган ўйинчи ёки жамоага қарши пул тикар экан: “агар у ютса хурсандман, ютқазса хафалигимни пул ютуғи қоплайди” деган соҳта ақлий баҳона топади. Албатта бунда жуда кичик миқдорда пул тиклиши мумкин. Лекин бу иш такрорланган сари тикиш ҳам ўсаверади. Ютса – ижобий натижа хотираси яна қитиқлайди. Ютқазса – аввалги йўқотишни қоплаш иштиёқи уни қиморга ундайверади.
Психик боғлиқлик гормонал сиртмоққа айланганда у ишқибоз лудоманга айланади, яъни у ўзининг қимор ўйнаш одати қулига айланади, ўзини бошқара олмай қолади. Бу жуда оғир дард. Осон даволанмайди. Даволанмаса инсонни муқаррар ҳалокатга етаклаб бориш эҳтимоли катта.
Одамларни бундан бохабар қилиш керак. Кириб қолганларга яқинлари тезда нажот йўлини ахтаришсин. Психологик, фармакологик ёрдамни мутахассислар белгилай олади. Мусулмон учун имон ва тақвони ошириш кучлик кўмак беради.
Жамшид Муслимов
@Subnazar
Post #726
3.09K