“Мени ҳам, отангни ҳам бор умидимиз сендан, болам”
Онам жуда зиёли аёл эдилар. Улар ҳақида кўп хотираларимни ёзганман. Бугун эса яна бир хотирани қоғозга туширгим келди.
Институтнинг иккинчи курсида ўқиб юрган пайтларим эди. Оиламиз ҳаётининг энг қийин даврларидан бирига тўғри келган. Кетма-кет йўқотишлар, молиявий қийинчиликлар, қамалишлар ва яна қанча синовлар…
Ана шундай оғир кунларда мен талаба эдим. Оиламга ёрдам бериш у ёқда турсин, ҳар куни пул олишимга тўғри келар, устига-устак, бошқа харажатларим билан ҳам оиламга юк бўлардим.
Виждоним қийналди. Ўқимайман, ишлайман, дедим.
Шунда онам бир оғиз гап айтдилар:
— Мени ҳам, отангни ҳам бор умидимиз сендан, болам…
Бу шунчаки айтилган гап эмас эди. Бу менинг бутун умримга етадиган куч, ҳаётимнинг энг оғир дамларида суянадиган таянчим бўлиб қолди. Йиқилганимда туришга, умидим сўнганида яна олдинга қарашга, ҳар қандай қийинчилик қаршисида таслим бўлмасликка ундайдиган бир ички қудратга айланди.
Ҳаётда шундай лаҳзалар бўладики, инсон уларнинг маъносини ўша заҳоти англамаслиги мумкин. Аммо айрим сўзлар йиллар ўтса ҳам эскирмайди. Аксинча, ҳаёт синовлари оғирлашган сари уларнинг қадри ва маъноси янада чуқурлашади.
Онамнинг ўша гаплари ҳамиша қулоғим остида жаранглаб туради. Энг оғир вазиятларимда, кучим қолмагандек туюлганида, ўзимни йўқотиб қўймаслигимга ёрдам беради.
Ҳозир ҳам шундай…
Жаҳонгир АҲМЕДОВ,
"Меҳнат шуҳрат" ордени соҳиби.
✅ Ijtimoiy tarmoqlardagi sahifalarimiz:
🌐 Samarqandim.uz | ✅ Telegram | 🌐 Instagram | ✅ Facebook | 📹 You tube
Post #60660
2.14K

- ❤ 17
- 👏 3
- 🤩 3