Кадастр хато қилса, нега фуқаро жавоб беради?!
«Синглим, мен блогер эмасман, мурожаатлар билан шуғулланмайман», деб ёзмайман, деган эдим. Аммо бўлмади... Чунки ҳар бир ташкилот ўз ишини виждонан, масъулият билан бажарганида, қора халқнинг дардини эшитиш, ҳақини талаб қилиб югуриш блогерларнинг зиммасига тушармиди?!
Ижтимоий фаол-блогер Хайрулла Мамасолиев кўтарган масала эса одамни чиндан ҳам ўйлантиради.
Унинг ёзишича, Пастдарғом тумани Қозоқ Найман маҳалласида яшовчи, қарийб 80 ёшга яқинлашган пенсионер бобога аввал Каттақўрғон туманида мавжуд бўлмаган кадастр рақами бўйича қарздорлик ҳисобланган. Оқибатда бир неча ойлик пенсиясидан пул ушлаб қолинган. Оила югуриб-елиб, мазкур кадастр рақамини бекор қилдирган. Аммо ушлаб қолинган пуллар ҳалигача қайтарилмагани айтилмоқда.
Энди эса Самарқанд шаҳридаги кадастр рақами бўйича 7 миллион сўм жарима келган.
Энг ачинарлиси, блогер келтирган маълумотга кўра, кадастр идорасининг ўзи хатлов жараёнидаги хато туфайли нотўғри маълумот киритилганини тан олган. Ушбу ҳужжатлар судга ҳам юборилган. Бироқ суд тақиқи билан боғлиқ ҳолат туфайли қариянинг автомобили жарима майдончасига жойлаштирилган.
Қизиғи, агар хатловдаги хато ташкилот томонидан содир этилган бўлса, нега унинг оғирлигини қария ва унинг оиласи кўтариши керак?
Қарийб 80 ёшли инсон пенсиясини қайтариш учун идорама-идора сарсон бўлиши, ўзининг ҳақлигини исботлаш учун қоғоз кўтариб юриши, устига-устак, автомобилидан ҳам айрилиб туриши адолатданми?
Қонун фуқарони ҳимоя қилиш учун хизмат қилиши керак. Давлат идорасининг хатоси эса фуқаро учун янги жазо, янги сарсонгарчилик ва янги харажатга айланмаслиги шарт.
Таклифимиз оддий. Самарқанд вилояти Кадастр бошқармаси, Мажбурий ижро бюроси ва суд масъуллари ушбу ҳолатни ўрганиб, хатолик қаерда содир бўлганига ҳуқуқий баҳо берсин. Қариянинг пенсиясидан ушлаб қолинган маблағлар, 7 миллион сўмлик талаб ва автомобиль нега жарима майдончасига қўйилгани бўйича аниқ тушунтириш берилсин.
Агар идоралар хатоси тасдиқланса, унинг оқибатлари қонун доирасида бартараф этилсин. Балки, идоралар фуқароларнинг муаммосини ўз вақтида ҳал қилганида, одамлар дардини кўтариб блогерма-блогер юрмасмиди?!
Хайрулла Мамасолиев ҳазил аралаш бир таклиф билдирган. Қани, «Қорахалқни сиқиш бўйича позалар» тасвирланган «Кадастрсутра» деган китоб чиқаринглар! Қайси идора қайси усулда фуқарони сарсон қилаётганини ҳам рақамлаб қўяйлик. «48-позада сиқишяпти», деб юраверамизми?!
Албатта, бу киноя. Аммо одамларнинг дарди киноя эмас!
Ўғри бўлсанглар ҳам, инсофли бўлинглар, деган аччиқ гап бежиз айтилмайди. Лекин гап ўғирликда эмас — гап масъулият, инсоф ва адолатда!
✅ @Samarqand_live – Юзинг қийшиқ бўлса ойнадан ўпкалама!
Post #46099
4.01K
- 👍 17
- ❤ 13
- 😁 3
- 👏 1