УСТОЗ ШАЙХ АЙМАН СУВАЙД ҲАФИЗАҲУЛЛОҲНИНГ НАВБАТДАГИ АМАЛИЙ МАШҒУЛОТИ БЎЛИБ ЎТДИ
✅ Бугун, 2026 йил 1 октябрь куни Шайх Айман Сувайд ҳафизаҳуллоҳ иштирокида навбатдаги амалий машғулот дарси бўлиб ўтди. Дарс давомида бир қатор устоз тингловчилар тиловат қилиб, ўз тиловатлари борасида Шайх Айман Сувайд ҳафизаҳуллоҳнинг мулоҳазаларини тингладилар.
✅ Ҳар бир тингловчи «Фотиҳа» сурасини ҳамда Қуръони каримнинг бошидан, яъни «Бақара» сурасидан бошлаб ярим саҳифадан ўқиб бердилар. Шайх Айман Сувайд ҳафизаҳуллоҳ ҳар бир тиловат қилган тингловчи билан якка тартибда мулоқот қилиб, ўз мулоҳазаларини билдирди.
✅ Дарс асносида Шайх Айман Сувайд ҳафизаҳуллоҳ «Фотиҳа» сураси 7-оятини шарҳлаб, ҳақни таниб, уни қабул қилмаслик ҳамда ақл ва тафаккурни сиҳга солмай, кўр-кўрони бировларга эргашишнинг хатари ҳақида сўзлади.
Шунингдек, «Бақара» сурасининг 203-оятидаги Минога оид айрим фиқҳий масалалар, 207-оятдаги “شَرِى، يَشْرِي” феълининг ўзига хос хусусияти, 223-оятдаги мафъул биҳ (тўлдирувчи)нинг зикр қилинмаганининг грамматик таҳлили ҳамда 235-оятдаги маййитга бўлган эҳтиромнинг гўзал намунасини батафсил ёритиб берди.
✅ Шу билан бирга, тажвид илмига оид қоидалар ҳақида ҳам муҳим маълумотларни берди. Жумладан, «Бақара» сурасининг 219-оятини шарҳлаш асносида, ҳар оятнинг сўнгида вақф қилиш ёки кейинги оят билан улаб ўқиш масаласини мазкур суранинг 219-220-оятлари, «Зуҳо» сурасининг 1-3-оятлари ва «Саффот» сурасининг 137-138-оятлари мисолида кенг ёритиб берди.
✅ Устоз Шайх Айман Сувайд ҳафизаҳуллоҳ ҳалқум ҳарфларини шарҳлар экан, уларни нотўғри талаффуз қилиш ноқулай вазиятларга сабаб бўлишини ҳаётий тажрибалари асосида тушунтириб берди.
✅ Шайх Айман Сувайд ҳафизаҳуллоҳ дарс сўнгида тингловчилар ва устозларни юртимизда кенг нишонланаётган “1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни” байрами билан қутлаб, Қуръон ходими учун муҳим бўлган ахлоқий фазилатларни баён қилди.
👉 Маълумот учун бугунги амалий машғулотда «Бақара» сурасининг 185-оятидан 237-оятигача ўқилди.
Манба
@quranuz
Post #24586
7.02K








- ❤ 58
- 👍 15
- 🔥 9