Давлат харидларида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун имкониятлар кенгаймоқда
Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги томонидан Тошкент шаҳрида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар билан навбатдаги очиқ мулоқот ўтказилди. Унда пойтахтдан 70 нафар, ҳудудлардан эса 120 нафардан ортиқ тадбиркор онлайн иштирок этди. Умумий ҳисобда мулоқот 200 га яқин бизнес вакилларини бир майдонга жамлади.
Қизиғи, бундай учрашувлар фақат пойтахт билан чекланиб қолмаяпти. Май–август ойларида Агентлик томонидан ҳудудларда ўтказилган очиқ мулоқотларда 3 мингга яқин тадбиркор қатнашган. Улар томонидан 447 та муаммо ва таклиф кўтарилган бўлса, 155 таси жойида ҳал этилган. 75 та масала бўйича ҳуқуқий ва амалий тушунтириш берилган, яна 214 та масала бўйича чора-тадбирлар белгиланиб, ижроси назоратга олинган.
Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун давлат харидларида ҳам бир қатор янги имкониятлар пайдо бўлмоқда.
Хусусан, бюджет буюртмачиларининг харидларида хорижий етказиб берувчилар билан бирга маҳаллий ишлаб чиқарувчилар қатнашганда, уларнинг сонига қараб 8 фоиздан 15 фоизгача нарх преференцияси қўлланилади.
Бундан ташқари, юқори ва ўрта барқарорлик рейтингига эга ишлаб чиқарувчилар учун харидлардаги воситачилик йиғимига 50 фоиз чегирма берилиши ва қўшимча закалат талаб этилмаслиги белгиланган. Бюджет буюртмачилари билан маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўртасида алоҳида «маҳаллий аукцион» савдоларини ўтказиш имконияти ҳам яратилган.
Рақамларга қарасак, 2026 йилнинг биринчи ярмида давлат харидлари ҳажми 188,4 трлн сўмни ташкил этган. Шундан қарийб 113 трлн сўми рақобатли харидлар ҳиссасига тўғри келган. Рақобатли механизмлар натижасида эса 7,8 трлн сўм маблағ иқтисод қилинган.
Умуман, маҳаллий бизнес учун давлат харидлари шунчаки товар сотиш бозори эмас, балки ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва янги буюртмалар олиш имкониятига айланиб бораётганини кўриш мумкин.
@platformauzb
Post #17766
12.8K
Forwarded from platformauzb_live





