🔺ТИИ ва Истанбулдаги IHAM маркази ўртасида ҳамкорликни янги босқичга кўтаришга келишиб олинди
🔺Жорий йилнинг 5 октябрь куни Тошкент ислом институти ректори Уйғун домла Ғафуров ҳамда илмий ишлар ва фан бўйича маслаҳатчи Соатмурод Примов Туркия Республикасига амалий сафари доирасида Истанбул шаҳридаги Илмий хизмат ва тадқиқот марказига (IHAM) ташриф буюришди.
🟦1993 йилда ташкил этилган мазкур нодавлат нотижорат ташкилотининг асосий фаолият йўналиши илоҳиёт факультетларида таҳсил олаётган талабаларга асосий университет дастурларидан ташқари қўшимча таълим бериш, уларни стипендия ҳамда ижтимоий ёрдам билан таъминлашдан иборат.
🟦Марказ илоҳиёт ва ислом илмлари йўналишидаги бакалавриат ва магистратура талабалари учун 5 йиллик сертификатланган дастурларни, шунингдек, қишки ва ёзги таътил даврларида махсус қўшимча курсларни таклиф этади.
🟦Дарслар анъанавий шаклда ташкил этилиб, тафсир, ҳадис, фиқҳ, нотиқлик санъати, инглиз ва араб тиллари каби фанларни қамраб олади ҳамда талабалар томонидан хатмул-кутуб усулида тўлиқ ўзлаштирилади. Шу билан бирга, марказ томонидан иқтидорли талабаларга стипендиялар, турар жой ва хорижда тил ўрганиш имкониятлари яратиб берилади.
🟦IHAM Туркия ва хорижий давлатларнинг нуфузли олий таълим муассасалари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйган. Хусусан, марказ курсларида Истанбул университети профессорлари машғулотлар олиб боради, шунингдек, ҳомийлик асосида талабалар Иорданиядаги араб тили курслари ва академик алмашинув дастурларига юборилади.
🟦Қайд этиш жоизки, марказ Ўзбекистоннинг етакчи олий таълим муассасалари, жумладан, Тошкент давлат юридик университети ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси билан ҳамкорликда қатор семинар ва онлайн дарслар ташкил этган. Шунингдек, муассаса долзарб мавзуларда семинар, конференция ва симпозиумлар ўтказиб, илоҳиёт ҳамда ислом илмлари соҳасидаги олимлар ва тадқиқотчиларнинг фикр ва тажриба алмашиши учун замин яратади.
🟦Ташриф доирасида ТИИ вакиллари IHAM асосчиси ва президенти, профессор Мустафо Қоратош билан мулоқот ўтказиб, марказ фаолияти билан яқиндан танишишди.
🟦Тошкент ислом институти ва Илмий хизмат ва тадқиқот маркази ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари 2023 йилдан буён давом этиб келмоқда.
🔺 Мулоқот чоғида икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш, қўшма конференция ва семинарлар ташкил этиш, шунингдек, ТИИ профессор-ўқитувчилари учун малака ошириш курсларини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
🔺 Учрашув якунида Тошкент ислом институти ва IHAM ўртасидаги ўзаро англашув меморандуми янгиланди.
✍️Тошкент ислом институти Матбуот хизмати
📱 @oliymahad – диний-маърифий канал!
📱 Youtube 📱 Facebook 📱 Instagram









