#Форум
🔺Халқаро форум доирасида Тошкент ислом институти проректори Махачқалъадаги масжид жамоасига маъруза қилди
🔺 Тошкент ислом институти проректори Жаҳонгир Рузиев Доғистон Республикаси Мусулмонлар диний идораси ташаббуси билан Махачқалъа шаҳрида ташкил этилган «Келажак йўлида мулоқот: ёшлар, эътиқод, бирлик» халқаро форуми доирасида Махачқалъа шаҳридаги «Али Ҳожи Оқушинский» жоме масжидида жума намози олдидан маъруза қилди.
🔺Таҳминан 7 минг нафар намозхон иштирок этган тадбирда Жаҳонгир Рузиев «Ислом дини – миллатлараро тотувлик ва ӯзаро аҳилликка чорлайди» мавзусида сўз юритиб, ислом динининг тинчлик, ўзаро ҳурмат, бағрикенглик, дўстлик ва биродарликни қарор топтиришдаги муҳим ўрнига алоҳида тўхталди. Шунингдек, Ўзбекистон халқи номидан Доғистон аҳлига самимий дўстлик ва биродарлик саломларини етказди.
🔺Маъруза давомида Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, юртимиздаги янгиланиш ва ўзгаришлар ҳақида ҳам маълумот берилиб, Россия Федерацияси, хусусан, Доғистон Республикасидан келувчи сайёҳлар учун Ўзбекистон эшиклари доимо очиқ экани таъкидланди. Шу муносабат билан меҳмонлар Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий мероси, қадимий шаҳарлари ва зиёратгоҳларини кўришга таклиф этилди.
🔺Маърузадан сўнг Жаҳонгир Рузиев жамоат билан биргаликда жума намозини адо этди ва намозга имомлик қилди.
🔺Ўз навбатида, «Али Ҳожи Оқушинский» жоме масжиди имом-хатиби, Доғистон уламолар кенгаши аъзоси Шайх Муҳаммад Шамиль ҳазратлари Ўзбекистон мусулмонлари идорасига, унинг тимсолида бутун Ўзбекистон халқига Доғистон аҳли номидан самимий салом ва эзгу тилакларини йўллади.
🔺Шайх Муҳаммад Шамиль ҳазратлари тарих давомида ўзбек халқининг Кавказ халқлари билан маърифий ва диний алоқаларига, хусусан, илм-маърифат ривожида тутган ўрнига алоҳида тўхталиб, ўзбек уламоларини Кавказ халқлари учун устоз сифатида эътироф этди.
🔺Шунингдек, у яқин фурсатларда Ўзбекистонга, хусусан, Самарқанд вилоятида янгидан барпо этилган «Имом ал-Бухорий» мажмуасига зиёрат учун бориш нияти ва орзусини билдирди.
🔹 Учрашув икки халқ ўртасидаги тарихий, диний ва маърифий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, ўзаро дўстлик ва биродарлик ришталарини кенгайтириш йўлидаги самимий мулоқот сифатида алоҳида аҳамият касб этди.
📤 Тошкент ислом институти матбуот хизмати
📱 @oliymahad – диний-маърифий канал!
📱Youtube📱Facebook📱Instagram



