Вояга етган шахсларнинг меҳнатга лаёқатсиз ва моддий ёрдамга муҳтож бўлган ота-онани ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаши, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик, —
ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга ёки ушбу Кодексга мувофиқ маъмурий қамоқ қўлланилиши мумкин бўлмаган шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган шахс, агар у маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриш жараёнида алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни ихтиёрий равишда тўлаган бўлса, жавобгарликдан озод этилади.
47-6-модда. Болани чет давлат ҳудудида назоратсиз қолдириш
Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига эга бўлган болани ота, она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахс ёхуд ҳамроҳлик қилувчи шахс томонидан чет давлат ҳудудида назоратсиз қолдириш, —
базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Боланинг чет давлат ҳудудида назоратсиз қолдирилганлиги ҳақидаги маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқишда кўпи билан ўттиз кунлик муддат белгилаган ҳолда суд мазкур маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган шахснинг зиммасига болани чет давлат ҳудудидан Ўзбекистон Республикасига қайтариш ёхуд ҳуқуқбузарликни бартараф этиш бўйича чоралар кўриш мажбуриятини юклатади. Отанинг, онанинг ёки улар ўрнини босувчи шахснинг ёхуд ҳамроҳлик қилувчи шахснинг илтимосномасига кўра мазкур муддат яна ўттиз кунга узайтирилиши мумкин.
47-7-модда. Ота-онанинг ўз вояга етмаган болаларига васий ёки ҳомий тайинлаш бўйича мажбуриятларини бажармаслиги
Ота-она яшаш жойида вақтинча бўлмаганда ёхуд улар ўз ота-оналик мажбуриятларини бажара олмайдиган давр учун вояга етмаган болаларига васий ёки ҳомий тайинлаш бўйича мажбуриятларини бажармаслиги, —
базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Худди шундай ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, —
базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
47-8-модда. Икки ёки ундан ортиқ хотин билан эр-хотин бўлиб яшашни тарғиб қилиш
Икки ёки ундан ортиқ хотин билан эр-хотин бўлиб яшашни тарғиб қилиш, ушбу мазмундаги қарашларни, ғояларни ёки чақириқларни тарқатиш, шунингдек бундай хатти-ҳаракатларни рағбатлантириш, —
базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Каналага уланиш 👉 @mjtk_uz