Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ҳузуридаги Кон-геология фаолиятини назорат қилиш инспекциясига ушбу Кодекснинг 70-моддасида (бундан ер қаъридан фойдаланишда ишларни олиб бориш хавфсизлиги қисми мустасно), 70-2-моддасининг биринчи қисмида, 71-моддасида (бундан табиатни муҳофаза қилиш қоидалари мустасно), 72-моддасида (ер ости сувларига доир қисмида) назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар тааллуқлидир.
Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ҳузуридаги Кон-геология фаолиятини назорат қилиш инспекцияси номидан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ва жарима солиш тариқасидаги маъмурий жазо чорасини қўллашга қуйидагилар ҳақли:
инспекция бошлиғи ва унинг ўринбосари — базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваригача миқдорда;
минтақавий инспекциялар бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари — базавий ҳисоблаш миқдорининг етмиш бараваригача миқдорда;
инспекторлар — базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваригача миқдорда.
260-2-модда. Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси
Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясига ушбу Кодекснинг 101-моддасида (электр энергияси ва газдан фойдаланиш қисмида мансабдор шахсларга нисбатан) назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар тааллуқлидир.
Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси номидан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ва жарима солиш тариқасидаги маъмурий жазо чорасини қўллашга қуйидагилар ҳақли:
Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси бошлиғи ҳамда унинг ўринбосарлари;
Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясининг ҳудудий бошқармалари бошлиқлари.
Ушбу Кодекснинг 198-6-моддасида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарлик аниқланган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси ҳамда унинг ҳудудий бошқармалари мансабдор шахслари маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузади.
Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома ушбу Кодекснинг 282-моддасида белгиланган тартибда судга кўриб чиқиш учун юборилади.