ИИОнинг тегишли рухсатномасига эга бўлган жисмоний шахсларнинг фуқаровий, мукофот тарзида берилган, коллекциялаш, кўргазмага қўйиш учун мўлжалланган қуролни ва унинг ўқ-дориларини реализация қилиш, олиш, сақлаш, олиб юриш, ташиш, коллекциялаш, кўргазмага қўйиш қоидаларини бузиши —
базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 7 бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ҳақини тўлаб шу қуролни ва ўқ-дориларни олиб қўйишга сабаб бўлади.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин 1 йил давомида такрор содир этилган бўлса, —
қуролни ва ўқ-дориларни мусодара қилиб ёки мусодара қилмай, базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Хизмат қуролини ва унинг ўқ-дориларини сақлаш, олиб юриш ҳамда улардан фойдаланиш қоидаларини хизмат қуролидан ва унинг ўқ-дориларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган давлат органларининг мансабдор шахслари ҳамда махсус хизмат вазифаларига эга бўлган юридик шахсларнинг ходимлари томонидан бузиш, худди шунингдек қуролни ва унинг ўқ-дориларини, ўқотар қуролнинг асосий қисмларини олиш, бериш, ҳисобга олиш, реализация қилиш, ташиш, сақлаш, коллекциялаш, кўргазмага қўйиш қоидаларини ИИОнинг тегишли рухсатномаларига эга бўлган юридик шахсларнинг қурол ва унинг ўқ-дорилари, ўқотар қуролнинг асосий қисмлари бут сақланишини, уларнинг белгиланган тартибда берилиши-қабул қилиб олинишини ҳамда ҳисобга олинишини таъминлашга доир мажбуриятлар ўз зиммасига юклатилган масъул ходимлари томонидан бузиш —
базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Ушбу модданинг 3 қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин 1 йил давомида такрор содир этилган бўлса, —
базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Қуролни ва унинг ўқ-дориларини, ўқотар қуролнинг асосий қисмларини қабул қилиш, ҳисобга олиш ҳамда сотиш қоидаларини фуқаровий ва хизмат қуролини ҳамда унинг ўқ-дориларини реализация қилишга доир лицензияга эга бўлган юридик шахсларнинг мансабдор шахслари томонидан бузиш —
базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
ИИОнинг тегишли рухсатномалари расмийлаштирилган фуқаровий ва хизмат қуролига товушсиз ўқ узиш мосламаларини ҳамда тунда кўриш мўлжаллагичларини (бундан ов қилиш учун мўлжаллагичлар мустасно) ўрнатиш —
товушсиз ўқ узиш мосламаларини ва тунда кўриш мўлжаллагичларини мусодара қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
220-1-модда. Қуролнинг қонунга хилоф муомаласи
Пневматик, сигнал берувчи, улоқтириш қуролини, ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуролини ИИОнинг тегишли рухсатномаларисиз реализация қилиш, олиш, сақлаш, олиб юриш, ташиш, коллекциялаш, кўргазмага қўйиш, улардан фойдаланиш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан олиб чиқиш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали транзит олиб ўтиш —
қуролни мусодара қилиб, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 бараваридан 30 бараваригача, мансабдор шахсларга эса — 25 бараваридан 50 бараваригача миқдорда жарима солишга ёки 15 суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Пневматик, сигнал берувчи, тиғли совуқ, улоқтириш қуролини, ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуролини ички ишлар органларининг тегишли лицензияларисиз ишлаб чиқариш, таъмирлаш, реализация қилиш —
қуролни мусодара қилиб, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 100 бараваригача, мансабдор шахсларга эса — юз бараваридан 150 бараваригача миқдорда жарима солишга ёки 15 суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Ушбу модданинг 1 ва 2 қисмларида назарда тутилган ҳаракатларни содир этган шахс, агар у пневматик, сигнал берувчи, тиғли совуқ, улоқтириш қуролини ва ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуролини ўз ихтиёри билан топширса, маъмурий жавобгарликдан озод қилинади.
Каналага уланиш 👉 @mjtk_uz