Чўлпоннинг янги топилган шеърларини ўз ичига олган “Сарчашма” китоби тақдимоти ўтказилди
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон хотирасига бағишланган “Сарчашма” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Китобнинг энг муҳим жиҳатларидан бири шундаки, унда шоирнинг отаси Сулаймонқул баззоз ҳамда фарзандлари – Абдулҳамид Чўлпон ва Фоиқахоннинг сара ижод намуналари жамланган. Шу боис нашр нафақат Чўлпон ижодини, балки шоир камол топган маънавий муҳитни англаш имконини ҳам беради.
“Сарчашма”нинг яна бир қиммати мутасаввуф шоир Волаий Расвонинг адабий мероси билан боғлиқ. Шоир вафотидан қарийб бир аср ўтгач, унинг қўлёзма девонида сақланган шеърлардан намуналар араб имлосидан ҳозирги ёзувга ўгирилиб, илк бор нашр этилмоқда. Бу китобхонга Чўлпон мансуб бўлган адабий муҳит ва сулола ижодий анъаналарининг яна бир номаълум саҳифасини очиб беради.
Нашрнинг илмий ва адабий аҳамиятини оширган яна бир жиҳат – Абдулҳамид Чўлпоннинг янги аниқланган ва ҳозирга қадар эълон қилинмаган 20 га яқин шеъри илк бор китобхонлар ҳукмига ҳавола этилмоқда.
Тилда, фикрда, ишда бирлик!
Jadid.uz | Telegram | Facebook | Instagram | YouTube