#маълумот
Муфтий Тақий Усмоний криптовалюталар савдосини ҳаром деб эълон қилди
КАРАЧИ: Бугунги кунда дунёда энг кўзга кўринган ҳанафий уламоларидан бири, Покистонлик олим Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний ислом шариати нуқтаи назаридан криптовалюталар билан савдо қилиш мумкин эмаслиги (ҳаром экани) ҳақида фатво чиқарди.
Дарул Улум Карачига алоқадор уламолар томонидан интернет орқали эълон қилинган мазкур фатвода унинг ҳукми ҳам криптовалюталарга, ҳам крипто-токенларга тааллуқли экани таъкидланган.
Уламолар баёнотида шундай дейилади:
«Шубҳасиз, барча турдаги крипто-тангалар (crypto coins) ва крипто-токенлар, жумладан, стейблкоинлар ҳам, ислом фиқҳида белгиланган мол-мулк (мол) тушунчасига кирмайди, шунинг учун уларни сотиб олиш ва сотиш амали шариатга кўра жоиз эмас.»
Баёнотда яна қуйидагилар қайд этилган:
«Демак, криптовалюта — хоҳ крипто-токен бўлсин, хоҳ USDT каби стейблкоин бўлсин — шариат нуқтаи назаридан мол ҳисобланмайди. Шу сабабли уни сотиб олиш ҳам жоиз эмас».
Шунингдек, баёнотда таъкидланишича, криптовалютага берилган номнинг ўзгариши мазкур шариат ҳукмини ўзгартирмайди.
Фатвода бу ҳақда шундай дейилади:
«Криптовалюталарнинг турли хиллари мавжуд бўлиб, улар виртуал валюта, токен ёки стейблкоин каби турли номлар билан аталиши мумкин. Бироқ қайси ном билан аталишидан қатъи назар, мазкур фатвога кўра криптовалюта шариатда мол сифатида эътироф этилмайди. Шу боис у билан муомала қилиш мумкин эмас.»
Кўриб турганимиздек, мазкур фатво фақат машҳур криптовалюталар — Bitcoin (BTC) ва Ethereum (ETH) билан чекланиб қолмай, балки блокчейн технологияси асосида яратилган бошқа токенлар ҳамда USDT каби стейблкоинларни ҳам қамраб олади.
Фатво Дарул Улум Карачи назорати остида тайёрланган бўлиб, эълон билан бирга тақдим этилган ҳужжатларга кўра, бир қатор ислом уламолари томонидан ҳам маъқулланган.
Ушбу қарор фақат диний нуқтаи назарни ифода этади ва давлат қонуни сифатида ҳуқуқий кучга эга эмас. Бироқ у кўплаб мусулмонларнинг криптовалюталар савдоси ва уларга сармоя киритишга бўлган муносабатига сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин.
@IslomMoliyasi
PS. ушбу маълумот кетидан шу масалага бевосита алоқадор яна бир маълумот берилади.
[i] https://dailyausaf.com/en/pakistan/mufti-taqi-usami-declares-crypto-trading-haram/amp/
Post #7959
2.1K