Таълим муассасаларида шундай устозлар бўладики, уларнинг сони битта ёки иккита бўлади. Ота-оналар фарзандини айнан уларнинг синфига бериш учун навбат кутади. Комиссия келса, уларнинг дарсини кўрсатишга олиб киришади. Чунки уларнинг синфхонаси ҳам, ўзлари ҳам бошқаларга намуна бўлади.
Семинар дейилса — улар югуради.
Олимпиада дейилса — улар тайёрлайди.
Тадбир дейилса — яна уларнинг елкасида.
Ўқувчилари эса бошқалардан ўзининг билими, интизоми ва натижалари билан ажралиб туради. «Йил ўқитувчиси» танлови бўлса ҳам, улар боради. (Бу танловга қуруқ фахрий ёрлиқ бериладиган даврда ҳам айнан улар боришган).
Айнан шундай устозлар баъзан ўз ҳамкасблари томонидан рақиб сифатида кўрилган. Мактаб методистлари, раҳбарлар томонидан қўллаб-қувватланиш ўрнига тўсиқларга учраганлар ҳам бўлган.
Университетда ишлаб, соҳасида №1 бўлиб турганида ҳам «дарс йўқ» деган баҳона билан ишдан чиқарилган, ютуқларига ҳасад қилинган...
Лицейларда эса четда қолиб, кўз ёшини ичга ютиб, репетиторлик қилиб юрган...
Коллежда гуруҳ давомати 100 фоиз бўлган, ўқувчилари интизомли ва фаол бўлган устозлар ҳам айнан шулар эди.
Улар — ўз касбининг ҳақиқий фидойилари. Мен учун ҳақиқий устоз — айнан шундай инсон.
У доимо ҳақиқатни айтади.
Кўзлари ёниб туради.
Билим беришдан завқ олади.
Шогирдига лаганбардорликни эмас, ҳалолликни ўргатади.
Ўзи ҳам кимгадир ёқиш учун эмас, ўз касбига садоқати учун ишлайди.
Бундай устозни таниш қийин эмас. Унинг шогирдлари бор — натижалари гапиради. Унинг меҳнати бор — йиллар ўтиб ҳам изи кўринади. Унинг буюк қалби бор — ҳар бир дарсида сезилади. Йиллар давомида шогирдлари хотирасида айнан уларнинг исм, фамилиялари ёдда туради.
Бугун, менимча, айнан шундай устозларнинг даври келди.
Байрамингиз муборак бўлсин, фидойи устозлар! Сизлар — касбининг номини баланд қилаётган, таълимнинг қадрини сақлаб турган ҳақиқий устозларсиз! 🌷
@imaginative_girl