Кутилмаган «маърифат»: Россия ҳукумати ниҳоят мигрантлар фақат «келгиндилар» эмас, балки иқтисодиётни елкасида кўтариб турган ишчи кучи эканини кашф этди.
Кечагина мигрантлар Россиянинг деярли барча муаммоларига айбдор эди. Қоидалар қатъийлаштирилди, текширувлар кучайтирилди, рус тили, Россия тарихи ва қонунчилиги бўйича имтиҳонлар мажбурий қилинди. Хуллас, оддий қурилишда ишлаш учун ҳам одамдан деярли тарихчи, тилшунос ва ҳуқуқшунос бўлиш талаб этилди.
Аммо кутилмаганда мўъжиза юз берди! Қурилишларга ишчи, заводларга ходим, далаларга эса ҳосил йиғадиган одам кераклиги маълум бўлиб қолди. Энг қизиғи, бу одамлар осмондан тушмас экан!
Шундан сўнг Россия Ички ишлар вазирлиги жадал ривожланиш ҳудудларидаги резидент компаниялар томонидан ишга олинадиган меҳнат мигрантларини рус тили, Россия тарихи ва қонунчилиги асослари бўйича имтиҳонлардан озод этишни таклиф қилди. Қайси давлатдан келганининг ҳам аҳамияти йўқ.
Қаранг-а, иқтисодий зарурат пайдо бўлиши билан Конституцияни ёддан билиш ҳам бирданига иккинчи даражали масалага айланиб қолар экан!
Кечагина амалдорлар мигрантлар «бизнинг маданиятимизни тушуниши», «анъаналаримизни ҳурмат қилиши» шартлигини такрорлашдан чарчамасди. Энди эса, чамаси, прорабнинг гапини тушуниб, белкуракни тўғри ушлай олса, шунинг ўзи етарли.
Кеча рус тилини билмаган мигрант жамият учун «хавф» эди. Бугун эса ўша мигрантсиз иқтисодиётнинг айрим тармоқлари ишламай қолиши мумкинлиги маълум бўлди. Демак, муаммо тилда эмас, ишчи кучи керак бўлмаган пайтда мигрантларга қандай муносабатда бўлишда экан.
Хуллас, Россияда мигрантларга муносабатнинг ўзига хос формуласи пайдо бўлди: ишчи кучи етарли бўлса — имтиҳон, текширув ва депортация; ишчи кучи етишмаса — хуш келибсиз, марҳамат, ишга киришинг!
Фақат масаланинг битта нозик жиҳати бор: йиллар давомида текширувлар, камситишлар ва депортация таҳдидлари остида яшаган мигрантлар бу кутилмаган «меҳр-муҳаббатга» қанчалик ишонишаркин?
Ахир, кечагина «келгинди» бўлган одам бугун иқтисодиёт қутқарувчисига айланса, эртага яна ким бўлишини фақат Россия амалдорларининг кайфияти билади.
Тошкандий©️
@o'ylashimcha
Post #17130
5.03K
- 💯 73
- ❤ 19
- 🤬 7
- 👍 5
- 😁 5