Мен Қоракўл ҳақида ёзмай қўйибман!
Чорак аср аввал ҳаётим пойтахт билан боғланганига-ми, аҳён-аҳёнда меҳмондек бориб келишимни инобатга олмаса, Қоракўлдан узоқлашиб қолганим чинга ўхшайдир.
Лекин, шу заминга илдизим бойланган, қачонки борсам ҳаловатни ҳис қиламан, осмонлардан ерга тушаман! Асли кимлигимни эслатиб туради, Қоракўл.
Ўзимга кўриш насиб қилмаган Тўхта қорининг невараси деб билади нуронийлар, бир умр ҳалол меҳнат билан вояга етказган Шоди аканинг ўғли дейди ёши катталар, 25 йилнинг нари берисида туғилганлар эса акаларимга боғлайди – Ўлмас, Шухрат, Ҳасан аканинг Тошкентдаги укаси дейишади.
Узоқда яшашнинг эвази шу – сени кимгадир боғлаб эслашади. Шунисига ҳам шукур дейман, шуниси билан фахрланаман.
Туманга киришда “Қоракўл” деган ёзувни кўрган заҳотим 25 йил аввал чиқиб кетаётган ҳолимга – 17 ёшли йигитчага дўнаман. Ўшанда пойтахт мени ҳайратлантирарди, энди эса Қоракўлдан ҳайратланаман.
Тарихчилар бу ерда инсонлар 6 минг йилдан бери яшаб келади дейишади, шаҳар сифатида эса ёшини Бухородан ҳам улуғ деб ҳисоблашади. Бугун эса Қоракўлнинг туман сифатида ташкил этилганига 100 йил тўлди! Ҳар гал борсам туман янгича қиёфа касб этаётганига гувоҳ бўламан.
Чўл бағрида ястанган мана шу заминнинг зарраси эканимдан фахрланаман.
Барча тумандошларимизни Қоракўлимизнинг 100 йиллиги билан табриклайман.
Post #8616
3.29K

- 👍 30
- 🔥 6
- 👏 3
- 💯 1