13 - боб
Яхшиликнинг йўллари кўп эканлиги баёни
150-ҳадис.
وَعَنِ ابْنِ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «هَلَكَ الْمُتَنَطِّعُونَ» قَالَهَا ثَلَاثاً. رَوَاهُ مُسْلِمٌ. [2670].
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ғулувга кетганлар ҳалок бўлди», деб уч марта айтдилар.
Имом Муслим ривояти.
Шарҳ: Динда инсон ундан ошириб юборса ғулув саналадиган чек-чегара шариат белгилаб берганидан зиёда қилишдир.
Ғулув – бир нарсада чуқур кетиш ва ортиқча уринишдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ғулувдан қайтариб, шундай деганлар: «Динда ғулув кетишдан сақланинглар! Сизлардан илгаригилар динда ғулув кетиш сабаблигина ҳалок бўлишган» (Аҳмад, Насоий, Ибн Можа ва бошқалар ривояти).
Тафрит-сусткашлик эса Аллоҳ фарз қилган вазифаларни адо этишда қосирлик қилишдир. Зино, ғийбат, чақимчилик каби маъсиятларни қилиш ёки ота-онага яхшилик қилиш, қариндошлар билан алоқа қилиш, саломга алик олиш каби баъзи бурчларни тарк қилиш диндаги тафритга киради.
Динда ғулувга кетишнинг турлари:
Биринчиси. Нафлларга қаттиқ киришиб, хотин ва болаларни, қўшнилар ҳаққига бепарво бўлиш. Бир вақтлар юртимизда сўфийликни даъво қилиб баъзи кишилар чиққан эдилар. Пирнинг ҳузурида уч маҳал қозон қайнагани учун хонақосига ётиб олиб нафл ибодатларни қилишар, оилалари эса бу ёқди йўқчиликдан қийналишар эди. Мана шу динда ғулуга кетиш бўлади.
Иккинчиси. Қаерга борса динда йўқ ёки мустаҳаб бўлган амални одамларга фарз ёки вожиб даражасига чиқартириб уни қилишга тарғиб қилади. Масалан имом намозни тугатганидан кейин хоҳлаган томони билан халққа юзланиши мумкин. Ғулувга кетганлар эса фақат ўнг томонинг билан бурилишинги шарт деб туриб олишади. Аллоҳ таоло мусофирга намозни икки ракат қилиб ўқишга рухсат берса, ўзини тақводор қилиб тўлиқ ўқишга ҳаракат қилади. Ҳолбуки Аллоҳ таоло бандаларига фарз қилган амалларни қилганларни яхши кўрганидек, берган рухсатларга амал қилганларни ҳам яхши кўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусофирга қисқартириб ўқишни Аллоҳнинг садақаси деганлар. Ундай тақвони даъво қилувчилар эса худди Аллоҳ таолога “садақанг керак эмас” дегандек муомала қиладилар.
Учинчиси. Васвасага тушиб қолган кишилар. Улар ўзларича шубҳалардан тақво қиламиз деб васвасага дучор бўладилар. Аллоҳ таоло “Аниқ нарса шак билан йўққа чиқмайди” деган бир қоидани айтиб қўйган. Масалан таҳорати бор одам “таҳоратим йўқмикан” деб иккиланиши билан таҳорат кетмайди. Бундай кишиларга шайтон бошлиқ бўлиб олиб, уларни хоҳлаган куйига солади. Шайх Рашид раҳматуллоҳи алайҳ бир бор таҳорат қилиб турганимдан кейин фалон жойимга сув тегмай қолди шекилли деган хаёл келди. Қалбни ҳотиржам қилиш учун ўша жойни ювдим. Энди кетмоқчи бўлгандим фалон жойга ҳам тегмай қолдимикан деган хаёл келди. У ерни ҳам ювдим. Қарасам яна хаёл келди, шунда бу шайтоннинг васвасаси эканлигини тушундим ва шайтонга қарата “сенингча таҳоратим йўқ бўлса менимча бор. Сен айтгандек таҳоратсиз бўлсам ҳам ўқийвераман” деб унга парво қилмай қўйдим. Агар яна бир бор уни айтганига кирганимда эди умр бўйи васвасадан қутула олмай қолардим – деганлар.
Батафсил: 🔗 ушбу ҳаволада
Ушбу китоб Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 29 октябрдаги 01-07/6636 рақамли хулосаси асосида чоп этилган.
📚 @hadisislomuz
