".thumbnails" папкаси нима ва уни тозалаш мумкинми?
Ҳар бир замонавий Android қурилмада кўплаб папкалар ва файллар мавжуд, уларнинг кўпчилиги тизимни ишлатиш жараёнида автоматик тарзда яратилади. Шулардан бири файлларни вақтинча сақлаш учун мўлжалланган ".thumbnails" папкаси.
".thumbnails" папкасининг асосий ва ягона вазифаси смартфонда мавжуд бўлган ҳар бир расмнинг кичик ҳажмдаги копиясини сақлашдир. Айнан ушбу папка туфайли расмларнинг галереяда очилиши ва кўриш тезлашади. Яъни ушбу папка Галерея учун кеш вазифасини бажариб беради.
".thumbnails" асосан қурилма ички ва ташқи хотирасидаги (Sd карта) DCIM папкасининг ичида яширин тарзда жойлашган бўлади. Ушбу папкага смартфонингизда ўрнатилган Файл менеджери ёки бошқа файл менеджерлари (масалан ASTRO File Manager) орқали киришингиз мумкин, фақат илова созламаларида яширин файлларни кўрсатиш (показывать скрытые файлы) пунктини ёқиб қўйинг.
Папкадаги файллар ичида смартфонингизда мавжуд ёки айрим ўчирилган расмларнинг нусхалари ва каттароқ ҳажмдаги тизим томонидан яратилган кеш файллари жойлашган. Хохласангиз кераксиз файлларни ўчиришингиз ёки бошқа папкага кўчиришингиз мумкин. Лекин хотирани бўшатиш мақсадида тез-тез барча файлларни ўчириш бефойда, чунки тизим ушбу папка ва файлларни яна қайта яратади.
Умуман тизимдаги деярли барча яширин файллар ва папкаларнинг ўз вазифаси бор ва уларни кераксиз деб ўчириб туришнинг фойдаси йўқ.
#маълумот
Post #537
9K