Android тизимида иловаларда Кеш нима?
Смартфонингизда жой кам қолганда ёки бирор илова нотўғри ишлашни бошлаганда, кешни тозаланг деган маслаҳатларни эшитган бўлсангиз керак?
Кеш нима?
Кеш бу қурилманинг ички хотирасида алоҳида жой бўлиб (папка кўринишида), у ерда иловаларнинг вақтинчалик файллари жойлашган. Бу аудио ва видео файллар, илова маълумотлари, расмлар, скриптлар ва бошқалар бўлиши мумкин.
Кеш нима учун керак?
Android даги Кеш маълумотларга кириш вақтини қисқартириш ва шунга мос равишда иловаларнинг тезлигини ошириш, шунингдек, оператив хотирага юклашни камайтириш учун керак. Кеш алгоритми қуйидагича ишлайди: энг тез-тез сўраладиган маълумотлар Кешда сақланади, ундан кейинги сафар унга киришда тезроқ олиш мумкин. Кешнинг асосий мақсади тизимни тезлаштиришдир.
Кешлаш алгоритми тушунарли бўлиши учун кундалик ҳаётдан оддий мисол келтирамиз. Кутубхонани тасаввур қилинг, кутубхоначи ўқувчиларга китоблар тарқатади. Сиз сўраган китобни кутубхоначи махсус жовондан излаб топиб беради. Баъзи китобларга талаб катта, баъзиларига эса талаб кам. Ўз ишини камайтириш учун кутубхоначи яна бир марта жовондан изламаслик ва мижозларга хизмат кўрсатишни тезлаштириш учун ёнида машҳур китобларни сақлай бошлайди. Ушбу мисолда кутубхона - бу қурилманинг ички хотираси, китоблар - бу маълумотлар, ўқувчи - бу маълумотларни қайта ишлашни талаб қиладиган илова, кутубхоначи - сўровларга хизмат кўрсатадиган хотира бошқарувчиси ва кутубхоначининг ёнидаги машҳур китоблар эса Кеш ҳисобланади.
Нима учун Кешни тозалаш керак?
Юқорида айтилганларга асосланиб, биз илова маълумотларини Кешлаш фойдали жараён эканлигини кўрамиз, аммо Кешни баъзан тозалаб туриш керак. Бунинг асосий сабаблари маълумотлар учун хотиранинг тўлиб бориши ва иловаларнинг нотўғри ишлаши ҳисобланади. Иловалардан тез-тез ва узоқ муддатли фойдаланиш сабабли уларнинг Кеши катталашади ва агар қурилма ички хотирасида жой етишмовчилик бўлса, тозалаш ушбу муаммони маълум даражада ҳал қилишга ёрдам беради. Мисол учун Telegram иловасининг кеш файллари сони ва ҳажми кенгайган сари, янги қабул қилмоқчи бўлган расм, видео ёки аудио файлларни кўрсатмай қолади. Шу сабаб Telegram иловасининг созламаларида "Очистить кэш" ва Медиа файлларни автоматик равишда маълум вақтда ўчириш имконияти мавжуд.
Хатолар билан ишлаётган илова маълумотларини тозалаш унинг нотўғри ишлашидан халос бўлишга ёрдам беради. Чунки шикастланган маълумотлар кешда сақланиши, бу илованинг нотўғри ишлашига олиб келади. Кешни тозалаш илованиннг ўзини ўчириб юбормайди, фақат вақтинчалик файллардан тозалаб беради. Мисол учун Google сервислари (Сервисы Google Play) иловасида учраб турадиган муаммолар.
Кешни қандай тозалаш керак?
- Деярли ҳар бир смартфонда ушбу вазифани бажарувчи махсус илова ўрнатилган. Агарда Сизга қўшимча ва имкониятлари кенг илова керак бўлса, яқинда каналимизда тавсия берганимиз Google Files https://t.me/gsmgurus_FAQ/458 иловасини ўрнатишингиз мумкин.
- Яна бир усул, тизимнинг ўзидаги "илова менежери" билан тозалаш. Бироз ноқулай ва маълум бир илова кешини тозалаш учун кўпроқ мос келади.
Қурилма созламаларига киринг.
Иловалар бўлимини (ёки илова менежерини) очинг.
Вақтинчалик маълумотларни ўчирмоқчи бўлган иловани топинг ва унинг номини босинг.
Очилган "Илова ҳақида" экранида "Кешни тозалаш" (Clear cache) тугмаси мавжуд бўлиб, уни босиш тозалаш жараёнини бошлайди.
#маълумот
Post #475
6.74K