Тошкент шаҳрида баҳор келиши билан буза-буз ишлари авжига чиқди. Эндиликда навбат пойтахтдаги бекатларда жойлашган дўконларни бузишга келди.
Ижтимоий тармоқларда “111 маркет” дўкони ҳеч қандай суд қарорларисиз бузиб юборилаётгани акс этган видеолавҳа тарқалди.
Видеода бекат бузилиб, тадбиркор ҳисобидан сотиб олиниб, бекатга ўрнатилган метал конструкцияларни метал йиғувчи тадбиркор рухсатсиз машинасига ортиб тургани акс этган.
“Қўлларида дўконни бузиш тўғрисида суд қарори бўлмай туриб, шахсий мулкимизни бузиб ташлашяпти.
Дўкон ичидаги маҳсулотларни қарзга олганмиз, бу маҳсулотларни энди нима қиламиз? Ишлаб турган тадбиркорларни ранжитиш нима кераги бор?”, - деди дўкон эгаси.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги бир неча муддат олдин пойтахтдаги бекатлар бузулиши тўғрисида сигнал берганди.
“Шаҳар маъмуриятининг тегишли қарорига асосан барча бекатлар янгиланади.
Рухсат берувчи ҳужжатларга эга тадбиркорларга савдо нуқталарини ўрнатиш учун бошқа жой ажратиш орқали компенсация тўлаш механизми кўзда тутилган”, - дейилган эди ҳокимлик хабарида.