Тошкентда адолатсиз ҳукм чиқарган 3 нафар судья процессуал тартибда қўлга олинди
Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг 3 нафар судьяси адолатсиз ҳукм чиқаргани учун процессуал тартибда қўлга олинди.
Бу ҳақда “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов ўзининг Facebook саҳифасида маълум қилди.
Ташановга кўра, ЖИБ Тошкент шаҳар судининг аппеляция судлов ҳайъати таркибида бўлган мазкур шахслар оғир жиноят содир этган судланувчи А.Ш.ни озодликка чиқаришга ажрим чиқарган.
Шундан сўнг, Бош прокуратуранинг Коррупцияга қарши кураш Бош бошқармаси томонидан ЖИБ Тошкент шаҳар судининг судьялари Т.М.М., И.О.И. ҳамда А.М.М. ЖПКнинг 221-моддаси тартибида қўлга олинган.
Уларга нисбатан ЖКнинг 231-моддаси (Адолатсиз ҳукм, ҳал қилув қарори, ажрим ёки қарор чиқариш) ва бошқа моддалар жиноий иш очилган. Айни вақтда қўзғатилган жиноят иши доирасида тергов ҳаркатлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, Судьялар олий кенгаши қарорига мувофиқ, ёзма аризасига биноан ҳамда одил судловни амалга ошириш чоғида қонунийликни бузганлиги учун “Судлар тўғрисида”ги Қонуни 79-моддаси 1-қисмининг 2,10-бандларига асосан мазкур шахсларнинг судьялик ваколатлари муддатидан илгари тугатилиб, Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судьяси лавозимидан озод этилган.
Post #31769
478

- 👍 1