Бошпанасиз қолган талабалар...
Бизда доим шунақа: кутилмаганда қиш келади ва сув қувурларини янгилаш кераклигини эслашади.
Кутилмаганда ўқиш бошланиб талабалар Тошкентга келади ва вазирлик ётоқхона ўринлари камлигини эслайди. Ачинаман бизни таълим тизимимизга. Чин дилдан.
Қаранг:
Мандат жавоблари 28 августда эълон қилинди. Вилоятдан келадиган талабалар энди 1 ҳафта ичида ўқиши учун бозорлик қилиши, Тошкентга келиб бошпана топиши, олийгоҳ билан танишиши, контрактини тўлаши ва шаҳарни ўрганиши керак... Ўқиш ҳали бошланмасидан шунча стресс.
Натижада минглаб талабалар кўчада сарсон. Кимдир палаткада, кимдир скамейкада... Шаҳар ҳокими ҳам аралашишига тўғри келди. Савдо марказларини 10 000 талабаларга беришни ҳам таклиф қилдилар. Бу таклфи учун ҳокимга раҳмат, лекин бу муаммонинг ечими бўлолмайди. Чунки яна 110 000 нафар талабага жой керак.
Келажакда бу ҳолатларнинг олдини олиш учун менинг таклифларим:
1. Янги олийгоҳларни Тошкентда очишни тўхтатиш лозим. Иложи бўлса борларини кўчириш ҳам керак. Чунки:
- Пойтахт инфрастузилмаси бундай оқимга тайёр эмас. Сал бўлса тирбандлик бўлади. Шаҳарсозлар бу муаммоларни ечишга ақли етмаяпти.
- Тошкентда яшаш бошқа шаҳарларга нисбатан АНЧА қиммат. Умуман талабаларга мўлжалланмаган шаҳар.
2. Имтиҳон натижалари ўқиш бошланишидан камида 3 ой олдин аниқ бўлиши керак. Бу кўп нарсани қулайлаштиришини тушуниш учун катта ақл керак эмас. Масалан ўзим Италия университетида ўқишга қабул қилинганимни ўқиш бошланишидан 5 ой олдин билганман. Ўша пайтнинг ўзида менга уй қидириш учун сайтлар рўйхати, маълумот сўраш учун Facebook даги универсиет саҳифаси ва гуруҳларни жўнатишган эди. Бу 2014 йилда бўлган ҳолат... Университет Римини шаҳрида жойлашган. Аҳолиси 150 000 киши. Тошкентдан камида 20 марта кичик шаҳар.
3. Имкон бўлса чет элда ўқиш керак. Давлат буни қўллаб-қувватлаш дастурларини кўпайтириши лозим. Лекин давлат кўмак беришини кутиш ҳам керак эмас. Чет элда барибир таълим билан бирга дунёқараш ўзгаради. Сал кенгроқ фикрлайдиган бўлади одам. Бизнинг халқ учун бу сувдек зарур.
Олийгоҳ ётоқхоналарига келсак:
Кўпроқ ётоқхоналар қуриш керак деб ўйламайман. Биринчидан бу ўқиш шартномалари нархларини кескин оширади. Иккинчидан, талабани ётоқ билан таъминлаш - олийгоҳнинг бош вазифаси эмас. Аммо олийгоҳлар талабаларга ҳар томонлама кўмаклашиши ва ахборот бериши лозим.
Бутун дунёда ётоқхоналар талабаларнинг нари борса 30% қисмига етарли қилиб қурилган. Қолган талабалар квартираларда ижарага туришади. Олийгоҳлар эса шунчаки квартираларни қандай қидириш мумкинлиги бўйича етарлича маълумот беради. Ҳеч бўлмаса сайтда бир марта барчасини батафсил ёзса ҳам етади.
@trolluz
Post #174
206
Forwarded from TROLL.UZ
- 🔥 3