ҚУРБОНЛИК УЧУН БИТТА ҚЎЙ СЎЙИШ АФЗАЛМИ ЁКИ ҚОРАМОЛНИНГ ЕТТИДАН БИРИГА ШЕРИК БЎЛИШ АФЗАЛМИ?
#қурбонлик
❓ 2256-САВОЛ: Қурбонлик қилишда битта қўй сўйиш афзалми ёки қорамолнинг еттидан бирига шерик бўлиш афзалми?
💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Агар нархи ва гўшт миқдори тенг бўлса, битта қўй сигирнинг еттидан бири (улуши)дан афзалдир. Лекин нархи бир хил бўлиб, қайсининг гўшти кўп бўлса, ўша афзал бўлади. Бу борада батафсил “Фатово Оламгирия” китобида шундай келган:
“Агар нархи ва гўшт миқдори тенг бўлса, битта қўй сигирнинг еттидан бири улушидан афзалдир. Чунки қўйнинг гўшти ширинроқдир. Агар сигирнинг еттидан бири гўшт жиҳатидан кўпроқ бўлса, у ҳолда сигирнинг еттидан бири афзалдир.
Бу масаладаги хулоса шуки: агар икки ҳайвон гўшт ва қийматда тенг бўлса, гўшти ширинроғи афзал ҳисобланади. Агар гўшт ва қиймат жиҳатидан фарқ қилса, унда (гўшти ёки қиймати) устун ва кўпроқ бўлгани афзалдир.
Шунга кўра, йигирма (дирҳам/динор) турадиган бичилмаган эркак жонлиқ, ўн беш турадиган бичилган жонлиқдан афзалдир. Агар уларнинг қиймати тенг бўлиб, бичилмаганининг гўшти кўпроқ бўлса, ўша афзалдир.
Агар (нарх ва вазнда) тенг бўлса, қорамолнинг урғочиси эркагидан афзалдир, чунки урғочисининг гўшти ширинроқ бўлади. Агар қийматда тенг келса, битта сигир олтита қўйдан афзалдир, аммо еттита қўй битта сигирдан афзалдир. "Фатавойи Қозихон"да шундай келган”. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
👍YouTube👍Instagram👍Facebook👍Ummalife
😎РАСМИЙ САҲИФА✅УЛАШИНГ🗣
Post #12818
33.1K