ҲУЖЖАТСИЗ МИГРАНТ НАМОЗЛАРИНИ ҚАСР ҚИЛИБ ЎҚИЙДИМИ?
#намоз
❓ 2246-САВОЛ: Россия, Туркия, Жанубий Корея каби хорижий мамлакатларда ноқонуний мигрант бўлиб ишлаётганлар намозларини қаср қилиб ўқийдими ёки тўлиқми? Бизга бир киши “Қаср қиласизлар, чунки ҳужжатсиз юриш сабабли исталган пайтда ортга қайтариб юбориши мумкин”, деб айтди.
💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Ишлаш мақсадида бошқа давлатга борувчилар одатда узоқ муддатни кўзлаб сафарга чиқишади. Улар кўзланган шаҳар ёки қишлоққа етиб бориб, у ерда ўн беш кун ёки ундан кўпроқ туришни ният қилишса, шаръий жиҳатдан муқим ҳисобланадилар ва намозларини тўлиқ ўқийдилар.
Аллома Косоний раҳимаҳуллоҳ “Бадоиус-саноиъ” номли китобларида бу ҳақда шундай деганлар:
فَالْمُسَافِرُ يَصِيرُ مُقِيمًا بِوُجُودِ الْإِقَامَةِ، وَالْإِقَامَةُ تَثْبُتُ بِأَرْبَعَةِ أَشْيَاءَ: أَحَدُهَا: صَرِيحُ نِيَّةِ الْإِقَامَةِ وَهُوَ أَنْ يَنْوِيَ الْإِقَامَةَ خَمْسَةَ عَشَرَ يَوْمًا فِي مَكَان وَاحِدٍ صَالِحٍ لِلْإِقَامَةِ
“Мусофир бир жойда доимий яшаш билан муқимга айланади. Муқимлик тўрт нарса билан собит бўлади. Биринчиси – доимий яшашни очиқ-ойдин ният қилиш бўлиб, бу яшашга яроқли жойда ўн беш кун туришни ният қилиш билан бўлади ...”.
Айримлар ҳужжатлар муддати тугаб, ноқонуний мигрантга айлангач, исталган вақтда депортация қилиниши мумкинлиги сабабли намозлар қаср қилиб ўқилади, деган фикрга боришади. Ваҳоланки, киши хорижий мамлакат чегарасидан қонуний йўл билан ўтар экан, у ерга рухсат билан кирган ҳисобланади. Шундан кейин бир шаҳар ёки қишлоқда 15 кун ё ундан кўпроқ туришни ният қилиши билан муқимга айланади. Орадан қанчадир муддат ўтиб, ҳужжатсиз мигрантга айланиб қолишнинг ўзи билан муқимликдан чиқиб қолмайди. Чунки муқим киши то сафарга чиқмагунча, мусофирга айланмайди, гарчи мамлакатдан чиқариб юборилиш эҳтимоли бўлса ҳам.
Шунингдек, ноқонуний мигрантга айлангандан кейин ушбу мамлакат ичида 90 километр ёки ундан узоқ масофага бориб, у ерда яна 15 кун туришни ният қилган тақдирда ҳам агар унга ҳали махсус ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан расмий қидирув эълон қилинмаган ва у ўша ерда яшаб турган бўлса, унинг ўн беш кун ёки ундан ортиқ муддат туришни қилган нияти эътиборга олинаверади ва у муқим ҳисобланади. Аммо шахс қўлга олиниб, махсус сақлаш ёки депортация марказига жойлаштирилса ва унинг ўз юртига қачон чиқариб юборилиши номаълум бўлса (эртага ёки бир ҳафтадан кейин кетиши аниқ бўлмай, вақтинча ушлаб турилган бўлса), бундай ерда узоқ туришни ният қилиш билан мусофир киши муқимга айланиб қолмайди. У ерда у доимий равишда мусофир ҳукмида бўлади ва намозларини қаср қилиб ўқийди.
Бошқа томондан қарасак, ибодат масалаларида эҳтиёт тарафини олиш тўғрироқ бўлади, бизнинг масалада эҳтиёт томони намозларни тўлиқ ўқишдир. Чунки киши аслида муқим бўла туриб, янглишиб намозларни қаср қилиб ўқиса, намози дуруст бўлмайди. Аммо аксинча бўлса, яъни аслида мусофир бўла туриб, адашиб намозни тўлиқ ўқиб қўйса, намози ботил бўлмайди. Шунингдек, киши ўзининг муқим ёки мусофир эканини била олмаса, намозни тўлиқ ўқийди. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
👍YouTube 👍Instagram 👍Facebook 👍Ummalife
😎 РАСМИЙ САҲИФА ✅ УЛАШИНГ🗣
Post #12759
47.9K