АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши туфайли 2026 йилда Яқин Шарқ ва Марказий Осиё давлатлари иқтисодиёти пасайиши кутилмоқда
Бу ҳақда Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) ҳисоботига таяниб, Al Jazeera хабар берди.
ХВЖ прогнозига кўра, жорий йилда минтақанинг Ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) 0,3 фоизга қисқаради. Бу апрел ойида кутилган 1,9 фоизлик иқтисодий ўсиш прогнозидан кескин фарқланади. Жамғарма прогнознинг пасайишини Ҳўрмуз бўғозида юк ташиш узоқ вақт давомида тўхтаб қолгани билан изоҳлади. Тинчлик даврида ушбу бўғоз орқали халқаро нефт ҳажмининг қарийб бешдан бир қисми ташилган.
Кувайт, Ироқ ва Қатар иқтисодиёти энг катта қисқаришга дуч келиши кутилмоқда. Уларнинг ялпи ички маҳсулоти мос равишда 16,7 фоиз, 16 фоиз ва 15,6 фоизга камайиши прогноз қилинган. Баҳрайн иқтисодиёти 11,3 фоизга, Эрон иқтисодиёти эса 7,6 фоизга қисқариши мумкин.
Шарқ–Ғарб нефт қувури орқали экспорт ҳажмини оширган Саудия Арабистони энергетика соҳасига етказилган зарарни қисман қоплашга муваффақ бўлди. Шунга қарамай, мамлакат иқтисодиёти 3,3 фоизга қисқариши кутилмоқда.
Минтақада энг юқори иқтисодий ўсиш Қирғизистонда кузатилиши мумкин. ХВЖ бу мамлакатда ЯИМ 9 фоизга ўсишини прогноз қилган. Яқин Шарқ ва Марказий Осиё 2026 йилда иқтисодий пасайиш кутилаётган ягона минтақа ҳисобланади.
Бошқа минтақаларда эса иқтисодий ўсиш прогноз қилинмоқда. Ривожланаётган Осиё мамлакатлари иқтисодиёти 5,1 фоизга, Саҳрои Кабирдан жанубдаги Африка мамлакатлари 4,5 фоизга, Лотин Америкаси ва Кариб ҳавзаси мамлакатлари эса 2,3 фоизга ўсиши кутилмоқда.
Дунёнинг икки йирик иқтисодиёти – АҚШ ва Хитой иқтисодиёти мос равишда 2,3 фоиз ва 4,5 фоизга, Евроҳудуд иқтисодиёти эса 1,1 фоизга ўсиши мумкин.
🔥 @burchakostida
Post #82301
6.09K