Тошкент марказидаги 7 та давлат биноси қарийб 869 млрд сўмга сотилди
Тошкентда вазирлик ва идоралар эгаллаб турган қиммат давлат кўчмас мулкларини сотиш жараёни амалда бошланди. Давлат активларини бошқариш агентлиги маълумотига кўра, ҳозиргача 7 та маъмурий бино жами 868,8 млрд сўмга сотилган.
Сотилган бинолар орасида Транспорт вазирлиги, Спорт вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Автомобиль йўллари қўмитаси, Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси, Давлат хизматлари агентлиги, шунингдек, Туризм қўмитаси ҳузуридаги «Туристларга хизмат кўрсатиш маркази» ДУК объектлари бор.
Бу билан жараён тугамайди. Ҳозир яна 11 та объект 1 трлн 95,8 млрд сўм бошланғич нархда савдога қўйилган, 20 та объект эса сотувга тайёрланмоқда. Демак, сотилиши белгиланган 83 та давлат объектидан камида 38 таси — қарийб 46 фоизи бўйича жараён аллақачон бошланган.
Бу бир марталик хусусийлаштириш эмас. Жараён Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 7 мартдаги қарори асосида амалга оширилмоқда. Ҳужжатга кўра, 150 та давлат органи ва давлат иштирокидаги ташкилот Янги Тошкентга жойлаштирилиши, уларга тегишли Тошкентдаги 83 та кўчмас мулк объекти эса очиқ савдолар орқали реализация қилиниши белгиланган.
Расмий изоҳларда давлат идораларини марказдан кўчириш Тошкентдаги транспорт юкламаси ва тирбандликни камайтиришга ҳам хизмат қилиши таъкидланган.
👉 @ZAMON - ТВда кўрсатилмайдиган, газеталар айтмайдиган махфий хабарлар каналига аъзо бўлинг!
