2026 йил 22 сентябрь куни Тошкент шаҳрида Миллий статистика қўмитаси томонидан “Статистикани ривожлантириш – 2030” миллий стратегиясининг мазмун-моҳияти, аҳамияти, асосий мақсад ва вазифаларига бағишланган конференция ўтказилди.
Тадбирда давлат органлари вакиллари, халқаро ташкилотлар ҳамда соҳа экспертлари иштирок этди. Конференция давомида Стратегияни амалга ошириш механизмлари, миллий статистика тизимини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари, маълумотларни бошқариш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, манфаатдор томонларнинг келгусидаги вазифалари муҳокама қилинди.
Мазкур Стратегия Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 10 сентябрдаги “Статистикани ривожлантириш – 2030” миллий стратегиясини тасдиқлаш ҳамда рўйхатга олиш маълумотларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–190-сон Фармони билан тасдиқланган.
Стратегия 2026–2030 йилларда миллий статистика тизимини комплекс модернизация қилиш, расмий статистика маълумотларининг сифати ва ишончлилигини ошириш, халқаро стандартларга мос замонавий усулларни жорий этиш, рақамли трансформацияни жадаллаштириш ҳамда статистик маълумотларни фойдаланувчилар учун янада очиқ ва қулай шаклда тақдим этишга қаратилган. Ушбу мақсадларга эришиш учун Стратегияда миллий статистика тизимини ривожлантиришнинг 11 та стратегик мақсади белгиланиб, улар расмий статистика тайёрловчиларининг институционал салоҳиятини ошириш, статистика соҳасини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш, маъмурий ва муқобил маълумотлардан самарали фойдаланиш, замонавий статистик усуллар ва рақамли технологияларни кенг жорий этиш, фойдаланувчиларга йўналтирилган статистикани ривожлантириш, коммуникацияни такомиллаштириш ҳамда кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш каби устувор йўналишларни қамраб олади.
👉 БАТАФСИЛ









