✅Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт маркази ва Center For Semantic Intelligence компанияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Ҳамкорликнинг асосий мақсади — сунъий интеллект ва замонавий рақамли технологияларни руҳий саломатлик тизимига интеграция қилиш орқали тиббий хизмат сифати, клиник қарорлар самарадорлиги, таълим ва бошқарув механизмларини такомиллаштириш.
Меморандум доирасида қуйидаги устувор йўналишлар бўйича қўшма ишлар амалга оширилиши режалаштирилган:
• психиатрия, наркология, аддиктология, психология ва психотерапия соҳалари учун замонавий ўқув модулларини яратиш;
• клиник протокол ва стандартларни таҳлил қилиш ва такомиллаштириш;
• беморнинг мурожаатидан ташхис, даволаш, реабилитация ва кейинги кузатувгача бўлган маршрутизациясини таҳлил қилиш ва оптималлаштириш;
• тиббий муассасалар ва мутахассислар фаолиятини баҳолашга қаратилган замонавий KPI тизимларини ишлаб чиқиш;
• клиник ва бошқарув қарорларини қўллаб-қувватловчи AI-асосидаги аналитик ечимларни жорий этиш;
• катта ҳажмдаги маълумотларни интеллектуал таҳлил қилиш, хавф гуруҳларини эрта аниқлаш ва профилактик ёндашувларни ривожлантириш;
• қўшма илмий, таълим ва инновацион лойиҳаларни амалга ошириш;
• мутахассисларнинг рақамли ва сунъий интеллект соҳасидаги компетенцияларини ошириш.
Бу ҳамкорликнинг мақсади — сунъий интеллектни шунчаки тиббиётга жорий этиш эмас.
Асосий вазифа — технология имкониятларидан фойдаланган ҳолда бемор учун янада аниқ, тезкор, изчил ва сифатли тиббий хизмат моделини шакллантириш.
🧠 Руҳий саломатлик + Сунъий интеллект + Илмий ёндашув = замонавий тиббиётнинг янги имкониятлари
© Web-sayt | ✈️ Telegram | 🌐 Instagram | ™️ Facebook | 📺 You tube
