🔴Миллий гвардия «ходимлари» банкдан 428 млн сўм кредит олди
✔️Аслида уларнинг ҳеч бири у ерда ишламаган
Фарғона вилоятида 5 нафар шахс сохта ҳужжатлар ёрдамида банкдан қарийб 429 млн сўм кредит олгани аниқланди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Қува тумани бўлими текширувига кўра, бу шахсларнинг ҳеч бири расман ишламаган. Аммо улар ўзларини гўё Миллий гвардияга қарашли ҳарбий қисм хизматчилари қилиб кўрсатган.
Бунинг учун сохта меҳнат шартномалари ва «иш ҳақи олади» деган маълумотномалар тайёрланган. Ҳужжатлар Қува туманидаги тижорат банки филиалига тақдим этилиб, улар асосида 428,8 млн сўм кредит олинган.
Ҳолат юзасидан фирибгарлик ва ҳужжатларни қалбакилаштириш моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Қизиғи, бу йил худди шу схема биринчи марта учраётгани йўқ.
Июль ойида Қашқадарёда ҳам деярли бир хил усул фош этилган эди. Қўриқлаш хизмати ва Миллий гвардия номидан сохта хизмат гувоҳномалари ҳамда иш ҳақи тўғрисида маълумотномалар тайёрлаб, 12 нафар фуқаро номига жами 783 млн сўм кредит расмийлаштирилган.
Августда эса сохта ҳужжатлар билан анча катта — 25 млрд сўмлик кредит олинган ҳолат аниқланди. Департамент маълумотига кўра, аввалдан банк гаровида турган бинолар сохта ҳужжатлар ёрдамида яна гаровга қўйилиб, Андижондаги банклардан биридан 25 млрд сўм кредит олинган.
Бундан ташқари, июлда бир куннинг ўзида Қорақалпоғистон, Фарғона, Андижон ва Бухорода кредит маблағларини ноқонуний ўзлаштириш билан боғлиқ бир нечта ҳолатлар эълон қилинган. Жумладан, Риштонда 21 нафар фуқаро бехабар ҳолда улар номига 747 млн сўм имтиёзли кредит расмийлаштирилган, Хўжаободда эса қалбаки ҳужжатлар билан 500 млн сўм кредит олинган. Бу ҳолатларнинг айримларида банк ходимларининг ўзи ҳам иштирок этган.
Telegram|Instagram | You Tube | Facebook | X
Post #15380
5.78K

- 🤣 22
- ❤ 9
- 🤔 6
- 😢 2
- 😁 1
- 🤬 1