Россияда сайловлар якунланди: «Единая Россия» етакчи, Қодиров 99,85 фоиз овоз олди
Россияда 18–20 сентябрь кунлари Давлат Думасининг тўққизинчи чақириқ депутатлари, шунингдек, қатор ҳудудлар раҳбарлари ва маҳаллий вакиллик органларига сайловлар бўлиб ўтди. Дастлабки натижаларга кўра, парламент сайловида «Единая Россия» партияси етакчилик қилмоқда.
Участка комиссиялари баённомаларининг 95,45 фоизи ҳисобланган пайтда «Единая Россия» 57,82 фоиз, КПРФ 13,8 фоиз, ЛДПР 8,99 фоиз, «Новые люди» эса 7,96 фоиз овоз тўплаган. «Справедливая Россия»нинг натижаси 4,96 фоизни ташкил этиб, ўша пайтда партия беш фоизлик тўсиқдан пастда турган. Бу рақамлар якуний натижалар эмас.
Ҳудудий сайловларда эътибор тортган натижалардан бири Чеченистонда қайд этилди. Россия Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, барча баённомалар ҳисоблаб чиқилгач, амалдаги раҳбар Рамзан Қодиров 99,85 фоиз овоз билан қайта сайланган. Унинг рақиблари — «Справедливая Россия» номзоди Исмоил Денилханов ва КПРФ номзоди Халид Накаевнинг ҳар бири 0,05 фоиздан овоз олган.
Қодиров Чеченистонни 2007 йилдан буён бошқариб келади ва Россиядаги амалдаги ҳудуд раҳбарлари орасида энг узоқ вақт лавозимда қолган раҳбар ҳисобланади. У 2016 йилги тўғридан-тўғри сайловда 97,94 фоиз, 2021 йилда эса қарийб 99,7 фоиз овоз олган эди, деб ёзади РБК.
49 ёшли Қодиров аввал бир неча бор лавозимдан кетиш истагини билдирган. Жумладан, 2025 йил май ойида у ўзини вазифасидан озод қилишни сўраётганини айтганди. Шунга қарамай, бу йил яна сайловда иштирок этди.
Аввалроқ, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Владимир Путинга мактуб йўллаб, Давлат Думаси сайловлари муваффақиятли ўтказилгани билан табриклагани хабар қилинди. Президент матбуот хизматига кўра, Мирзиёев сайловчилар иштироки ва овоз бериш натижаларини Россия раҳбарияти олиб бораётган сиёсатга ишонч ва қўллаб-қувватлаш ифодаси сифатида баҳолаган.
Telegram |Instagram | You Tube | Facebook | X
Post #15310
6.32K

- 🤣 46
- ❤ 10
- 🤔 5
- 👎 4
- 😁 1