🇺🇿🇷🇺 Жорий йилнинг 6 октябрь куни Фарғона шаҳрида Ўзбекистон–Россия ва Россия–Ўзбекистон ишбилармонлар кенгашининг 13-қўшма йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда икки мамлакат вазирлик ва идоралари, ҳудудий савдо-саноат палаталари ҳамда ишбилармон доиралар вакиллари иштирок этди. Йиғилишни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Одилхон Рустамов ва Россия–Ўзбекистон ишбилармонлар кенгаши ижрочи директори Фёдор Дегтярёв олиб борди.
Тадбирнинг очилиш қисмида Россия Федерацияси иқтисодий тараққиёт вазири ўринбосари Владимир Ильичёв, Россия Савдо-саноат палатаси вице-президенти Владимир Падалко, Фарғона вилояти Инвестициялар ва енгил саноат бошқармаси бошлиғи ўринбосари Жахонгир Акрамов кириш сўзи билан чиқиш қилди.
Музокаралар давомида икки мамлакат тадбиркорлари томонидан тўқимачилик, агросаноат, логистика, роботлаштириш ва сунъий интеллект соҳаларидаги лойиҳалар тақдим этилди. Қўшма ишлаб чиқаришларни ташкил этиш, шунингдек, маҳсулотларни Россия ва Марказий Осиё бозорларига олиб чиқиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. «Шарқ аёли» халқаро аёллар жамоат фонди ва «Женщины Бизнеса» Умумроссия жамоат ташкилоти вакиллари мазкур йўналишдаги ҳамкорлик тажрибаси ва истиқболлари билан ўртоқлашди.
📃 Йиғилиш якунида эришилган келишувлар қатор ҳужжатлар билан мустаҳкамланди. Жумладан:
▪️ «Кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш федерал корпорацияси» АЖ, Россия–Ўзбекистон ишбилармонлар кенгаши ва Ўзбекистон–Россия ишбилармонлар кенгаши ўртасида ўзаро англашув меморандуми;
▪️ Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Фарғона ҳудудий бошқармаси Тюмень вилояти ҳамда Жанубий Урал Савдо-саноат палаталари ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.
Мазкур келишувлар икки мамлакат тадбиркорлари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтириш, янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилади.
🕊Telegram 📱Instagram 📱Facebook 📺Youtube






