🇺🇿🇪🇬 Мисрга сафар қилишни режалаштираётган Ўзбекистон фуқаролари диққатига
Дипломатик каналлар орқали олинган маълумотларга кўра, 2026 йил 1 ноябрдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг Миср Араб Республикасига кириши бўйича қуйидаги янгиланган тартиб жорий этилади:
🔹 Визани олдиндан расмийлаштириш
Ўзбекистон фуқаролари Мисрга сафар қилишдан олдин кириш визасини Мисрнинг дипломатик ваколатхоналари орқали олдиндан олишлари шарт.
🔹 Туристик сафарларни ташкил этиш
Туристик сафарлар ваколатли туроператорлар орқали ташкил этилади.
🔹 Ёшга оид талаблар ва молиявий кафолатлар
• 40 ёшгача бўлган сайёҳлар Мисрга фақат яқин оила аъзолари (ота-она, эр-хотин ёки фарзандлари) ҳамроҳлигида сафар қилиши мумкин. Бунда оила тасарруфида сафар давомида камида 5000 АҚШ доллари миқдорида нақд маблағ мавжуд бўлиши талаб этилади.
• 40 ёшдан юқори бўлган мустақил саёҳат қилувчилар камида 3000 АҚШ доллари миқдорида нақд молиявий маблағга эга бўлишлари лозим.
🔹 Кириш ва назорат тартиби
Мисрга кириш чоғида қуйидаги ҳужжат ва маълумотлар тақдим этилиши шарт:
• меҳмонхона брон қилинганлигини тасдиқловчи ҳужжат;
• мобил алоқа маълумотлари;
• етарли молиявий таъминот тасдиғи.
🔹 Виза мақомини ўзгартиришга чеклов
Миср ҳудудида бўлиш давомида туристик визани бошқа турдаги визага алмаштириш бўйича мурожаатлар қабул қилинмайди.
🔹 Талабларга риоя этмаган йўловчилар
Зарур ҳужжатларни тўлиқ тақдим этмаган шахслар мамлакатга киритилмаслиги ва уларни олиб келган авиакомпания орқали қайтарилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикасининг Қоҳира шаҳридаги Элчихонаси фуқаролардан Мисрга сафарларни режалаштиришда ушбу маълумотларни инобатга олишларини сўрайди.
https://t.me/uzbekembassycairo
Post #744
5.01K