Таҳлилий ҳужжатнинг “Тавсиялар” қисми бутун тадқиқотнинг мантиқий якуни ва амалий қийматини белгиловчи энг муҳим бўлимдир. Сиёсий таҳлилда тавсиялар қарор қабул қилувчи шахс учун ишлаб чиқилган, муайян муаммони ҳал этишга қаратилган аниқ ҳаракатлар алгоритмидир.
Ушбу бўлимни шакллантиришда таҳлилчи шунчаки “шундай қилиш керак” демай, балки нима учун айнан шу йўл танланганини самарадорлик, харажат ва сиёсий мақбуллик мезонлари орқали исботлаши лозим.
Шу билан бирга, тавсиялар умумий ва декларатив характерда бўлмаслиги шарт. Улар Қандай чора кўрилиши керак? Кутилаётган натижани қандай баҳолаш мумкин? Мавжуд ресурс ва ваколатлар доирасида ижро этиш имкони борми? Таклиф этилаётган чора муаммонинг илдизини йўқотадими? Чора-тадбир қачон амалга оширилиши лозим? каби саволларга жавоб бериши керак.
Шунингдек, таҳлилчи тавсия бераётганда сиёсий контекстни ҳисобга олиши зарур. Таклиф этилаётган тавсияларда унга ким масъул бўлиши, уни амалга ошириш жараёнида қандай муаммоларга дуч келиш мумкинлиги ҳамда уни амалга оширишда ҳуқуқий базани ўзгартириш зарурати юзага келиши кўрсатилиши лозим.
Сиёсий ва стратегик таҳлилда тавсияларнинг ҳаётийлигини текшириш учун кўпинча RAND Corporation ёки Harvard Kennedy School методологияларига таянилади. Ушбу марказлар экспертлари тавсияларнинг “қуруқ” бўлиб қолмаслиги учун “SMART” моделини қўллашни маслаҳат беришади. SMART мезони бўйича тавсияга талаблар қуйидагича:
S (Specific) – аниқ – тавсия умумий гаплардан иборат бўлмай, аниқ ким (қайси вазирлик ёки идора) нима қилиши кераклигини кўрсатиши лозим.
M (Measurable) – ўлчаш мумкин бўлган – тавсия ижро этилганини қандай биламиз?
A (Achievable) – эришиб бўладиган – ресурслар
(пул, кадр, вақт) етарлими? Ойга учишни тавсия қилиш мумкин, лекин бюджетда бунга маблағ бўлмаса, тавсия ўз қийматини йўқотади.
R (Relevant) – долзарб ва мос – бу чора муаммонинг илдизини ҳал қиладими ёки шунчаки “косметик” таъсирга эгами?
T (Time-bound) – вақти чегараланган – ижро муддати қачон?
Тавсиялар – шунчаки яхши тилаклар эмас, балки муайян шахс ёки ташкилот томонидан амалга оширилиши мумкин бўлган ҳаракатлардир. Агар тавсиянинг аниқ ижрочиси ва механизми кўрсатилмаса, у таҳлилий қийматини йўқотади.
Сифатли шакллантирилган тавсиялар қисми қарор қабул қилувчи шахсга “Нима қилиш керак?” деган саволга тайёр, асосланган ва амалий жавобни тақдим этиши лозим. Бу таҳлилчининг профессионал маҳоратини кўрсатади.
Йўлбарсхўжаев У.Ш. Сиёсий таҳлилчи: 100 саволга – 100 жавоб. Рисола. – Т.: Олий мактаб, 2026. – 284 б.
✅Kanalga ulanish: 👉🏻@uz_sfa
