Президент қарори билан давлат пенсия таъминоти тизимини рақамлаштириш ва фуқароларга хизматларни проактив шаклда кўрсатиш бўйича янги тартиблар белгиланди.
Энг муҳим ўзгаришлар:
🔵2026 йил 1 ноябрдан корхона тугатилиши ёки штат қисқариши сабаб ишсиз деб эътироф этилган шахсларга муддатидан олдин ёшга доир пенсия алоҳида мурожаатсиз тайинланади;
🔵2027 йил 1 январдан боқувчисини йўқотганлик пенсияси ҳам проактив тарзда тайинланади;
🔵2027 йилдан Пенсия жамғармаси фуқаролардан қоғоз шаклида ҳужжат ва маълумот қабул қилиш амалиётини бекор қилади;
🔵“Менинг пенсиям” онлайн хизмати ишга туширилиб, унда фуқаро иш стажи, олий таълимда ўқиган ва ҳарбий хизмат даври ҳақидаги маълумотлар ҳамда бўлажак пенсиясининг тахминий миқдорини кўра олади;
🔵пенсия ёшига бир йил қолган фуқаролар олдиндан хабардор қилинади;
🔵пенсияни нақд пул шаклига ўтказиш, тўхтатилган пенсия тўловини тиклаш, пенсиядан ушлаб қолинаётган маблағлар ҳақида маълумот олиш каби хизматлар ҳам онлайн шаклга ўтказилади.
Шунингдек, 2026 йил 1 октябрдан фуқаролик-ҳуқуқий шартнома асосида ишловчиларга ижтимоий солиқ тўлаб, ушбу даврни иш стажига қўшиш имконияти берилади.
2027 йил 1 январдан эса расмий даромадга эга шахслар ишламайдиган оила аъзолари учун ихтиёрий равишда ижтимоий солиқ тўлаши мумкин бўлади. Унинг миқдори ҳар бир оила аъзоси учун меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 12 фоизини ташкил этади.
Қарорга кўра, пенсия таъминоти бўйича хизматларни 2027 йил 1 январга қадар тўлиқ интерактив ва проактив шаклга ўтказиш асосий мақсадлардан бири этиб белгиланган
👉 @UnchaMuncha