✅ АФҒОНИСТОНДА БУРҲОНИДДИН МАРҒИНОНИЙ МЕРОСИГА БАҒИШЛАНГАН ХАЛҚАРО КОНФЕРЕНЦИЯ БЎЛИБ ЎТМОҚДА
🗣 Шу йилнинг 3–7 октябрь кунлари Афғонистоннинг Қобул шаҳрида «Имом Бурҳониддин Марғиноний илмий меросининг замонавий исломшуносликдаги ўрни ва мавқеи» мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтмоқда.
✅ Анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков бошчилигидаги диний-маърифий соҳа вакилларидан иборат юртимиз делегацияси қатнашмоқда.
📚 Асосий тадбирда аллома бобомиз Бурҳониддин Марғиноний умрини ислом ҳуқуқшунослиги ва фиқҳ қоидаларини пухта тизимга солишга бағишлагани алоҳида эътироф этилди. У зотнинг қаламига мансуб «Бидоят ал-мубтадий» асари, 80 жилддан ошиб тугалланмай қолган «Кифоят ал-мунтаҳий» шарҳи ҳамда 13 йил давомида сайқал бериб ёзилган шоҳ асар бўлмиш «Ал-Ҳидоя»нинг бизгача етиб келгани катта илмий ютуқ экани таъкидланди.
✅Шунингдек, алломанинг «Фатаво ан-Навазил», «Маносик ал-ҳаж», «Мазид фий фуруъ ал-фиқҳ» ва «Кашф ал-осор» каби ноёб манбалари асрлар оша Шарқу Ғарб мадрасаларида энг ишончли қўлланма бўлиб хизмат қилаётгани қайд этилди.
🤩 Анжуманда сўзга чиққанлар икки мамлакат халқларини боғлаб турувчи тарихий, илмий ва маънавий алоқаларни янада ривожлантириш, умумий меросни чуқур ўрганиш ҳамда ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлади.
🇺🇿🇦🇫 Сўнгги йилларда давлатлар раҳбарлари саъй-ҳаракатлари туфайли икки томонлама алоқалар ривожланаётгани, хусусан, Ўзбекистон Президенти томонидан халқаро минбарларда Афғонистонда тинч, осойишта ҳаёт барқарор топиши йўлида илгари сурилаётган ташаббуслар, Балҳ вилоятида муҳташам Имом ал-Бухорий мадрасасининг барпо этилаётгани каби хайрли ишлар тилга олинди.
📚 Тадбир доирасида Бурҳониддин Марғиноний ҳаёти ва илмий меросига бағишлаб чоп этилган янги китоб конференция иштирокчиларига тақдим қилинди.
✨Меҳмонлар Қобул шаҳридаги «Калимот» илмий-тадқиқот маркази, Қобул миллий музейи ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобур боғи ва мақбарасини зиёрат қилиб, мазкур масканларнинг фаолияти билан ҳам яқиндан танишди.
✅Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
📱ISHONCHLI VA RASMIY MANBA
▶️ YouTube | 📷Instagram | 🔵 Facebook









