76-модда. Судьянинг, прокурорнинг, терговчининг, суриштирувчининг, терговга қадар текширувни амалга оширувчи орган мансабдор шахсининг ва суд мажлиси котибининг ишда иштирок этишига монелик қиладиган ҳолатлар
Қуйидаги ҳолларда судья, шунингдек халқ маслаҳатчиси, прокурор, терговчи, суриштирувчи терговга қадар текширувни амалга оширувчи органнинг мансабдор шахси, суд мажлисининг котиби жиноят ишини юритишда иштирок этишга ҳақли эмас ва уни рад қилиш лозим, башарти:
1) у шу иш бўйича жабрланувчи, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар, эксперт, мутахассис, таржимон, холис, гувоҳ, ҳимоячи сифатида, гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг қонуний вакили ёки жабрланувчининг, фуқаровий даъвогарнинг, фуқаровий жавобгарнинг вакили сифатида иштирок этаётган ёки илгари иштирок этган бўлса;
2) у ушбу ишни юритиш учун масъул бўлган бирор мансабдор шахснинг ёки ушбу модда биринчи қисмининг 1-бандида кўрсатилган ўзга шахсларнинг қариндоши бўлса;
3) унинг холислигига ва беғаразлигига шубҳа туғдирадиган бошқа ҳолатлар мавжуд бўлса.
Судья илгари шу ишни юритишда терговга қадар текширувни амалга оширувчи органнинг мансабдор шахси суриштирувчи, терговчи, прокурор, суд мажлисининг котиби сифатида иштирок этган бўлса, ўша ишни келгусида кўришда қатнаша олмайди.
Биринчи, апелляция ёки кассация инстанцияси судида ишни кўришда иштирок этган судья ўз иштирокида чиқарилган ҳукм, ажрим бекор қилинганидан кейин ўша ишни кўришда иштирок эта олмайди.
Жиноят ишини биринчи инстанция судида кўришда иштирок этган судья шу жиноят ишини апелляция ёки кассация инстанцияси судида кўришда иштирок эта олмайди.
Жиноят ишини апелляция инстанцияси судида кўришда иштирок этган судья шу жиноят ишини биринчи инстанция ёки кассация инстанцияси судида кўришда иштирок эта олмайди.
Жиноят ишини кассация инстанцияси судида кўришда иштирок этган судья шу жиноят ишини биринчи инстанция ёки апелляция инстанцияси судида кўришда ёхуд ишни кассация тартибида такроран кўришда иштирок эта олмайди.
Суриштирувчининг, терговчининг, шунингдек суд мажлиси котибининг ўз процессуал мажбуриятларини бажариши уларнинг шу иш бўйича тегишинча суриштирувни, дастлабки терговни юритишда такроран иштирок этиши, шунингдек суд мажлиси баённомасини юритиши учун монелик қилмайди.
Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
Post #83
4.25K