91-4-модда. Видеоконференцалоқа режимида ўтказилган тергов ҳаракати жараёни ва натижаларини қайд қилиш
Видеоконференцалоқа режимида ўтказилган тергов ҳаракати жараёни ва натижалари электрон маълумотларни ташувчи тегишли воситаларга баённома тузилган ҳолда ёзилади ва қайд этилади.
Тергов ҳаракатининг баённомаси суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд ва топшириқни бажарувчи мансабдор шахс томонидан тузилади. Видеоконференцалоқа материаллари баённомага қўшиб қўйилади.
Тергов ҳаракатининг баённомаси ушбу Кодексда назарда тутилган умумий қоидаларга риоя қилинган ҳолда тузилади ва унда жиноят процесси иштирокчилари кўрсатувларининг моҳияти акс эттирилади.
Видеоконференцалоқа ёзувининг вақти ўтказилган тергов ҳаракатининг аниқ вақтига мос келиши керак. Видеоконференцалоқа жараёнидаги танаффуслар юзасидан изоҳ берилиши ҳамда улар видеоёзувда ва баённомада акс эттирилиши керак.
Видеоконференцалоқа режимида ўтказилган тергов ҳаракати баённомаси суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд, топшириқни бажараётган мансабдор шахс ҳамда тергов ҳаракатининг бошқа иштирокчилари томонидан имзоланади. Топшириқни бажараётган мансабдор шахс томонидан тузилган баённома суриштирувчига, терговчига, прокурорга ёки судга юборилади.
Каналга уланиш 👉 @jpk_uz
Post #104
4.13K